Сирдарё, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ер майдонларининг ноқонуний сотилиши билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди.

Гулистон шаҳрида яшовчи, 1964 ва 1976 йилларда туғилган икки шахс ўзаро тил бириктириб, ҳозирда Гулистон тумани ҳокимияти захирасида бўлган 38 сотих ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога олиб бериш ҳамда ушбу ер майдонида кўп қаватли уй-жой қуриш учун мансабдор танишлари орқали тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 300 минг АҚШ доллари талаб қилишган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда Гулистон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда улар олдиндан 50 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Терговга қадар текширув давомида ушбу ноқонуний ишга 2018-2021 йилларда Гулистон тумани ҳокими лавозимида ишлаган шахс ҳам алоқадор экани аниқланган.

  • Маълумот учун, 2018 йил 18 октябрдан 2021 йил 12 августига қадар Шавкат Ғофуров Гулистон туман ҳокими лавозимида ишлаган, унинг ўрнига тайинланган Сайдимқул Бегимқулов эса 2023 йил июлида ишдан олинганди.
Шавкат Ғофуров / Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Шунингдек, Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжалиги раҳбари ва ҳисобчиси ўзаро тил бириктириб, мазкур хўжаликка 49 йил муддатга ижарага берилган 3 гектар ер майдонини харидорга 70 минг долларга сотишга келишиб, олдиндан 35 минг доллар олган вақтида ушланган.

ДХХнинг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказган.

Жумладан, Қамаши туманидаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари мазкур тумандаги кластерга тегишли 66,32 гектар яйлов ерларидан иккиламчи ижара шартномаси асосида фойдаланиб келаётган бўлса-да, ушбу шартномани бекор қилиб, кластер раҳбарлари орқали 57 гектар яйловни харидор номига ижара асосида расмийлаштириб бериш эвазига 500 млн сўм талаб қилади. Аммо, у сўралган пул маблағи ҳисобидан 20 минг АҚШ доллари ва 100 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.