Ўзбекистон | 11:32 / 12.08.2021
44043
2 дақиқада ўқилади

Гулистон туманида «тўртлик» алмашди

Сирдарё вилояти Гулистон туманида ҳоким, прокурор, ИИБ бошлиғи ва ДСИ раҳбари ишдан кетди.

Бугун, 12 август куни Гулистон тумани ҳокимлигида Халқ депутатлари Гулистон туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда  ташкилий масала кўриб чиқилди. 

Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, йиғилишда иштирок этган вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев Гулистон тумани ҳокими лавозимига Сайдимқул Шойимқулович Бегимқулов номзодини Халқ депутатлари Гулистон туман Кенгаши сессиясида тасдиқлаш учун тавсия этди.

Депутатлар регламентга мувофиқ  Гулистон туман ҳокими лавозимига Сайдимқул Бегимқулов номзодини бир овоздан маъқуллашди.

Сайдимқул Бегимқулов 1993 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган ва ўтган йиллар давомида вилоятнинг иқтисодий соҳаларида турли лавозимларда ишлаб келган.

2012 йилдан шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Товар хом ашё биржаси Сирдарё вилояти филиали директори лавозимида фаолият юритаётганди.

Шунингдек, сессияда туман сектор раҳбарларининг ҳам фаолиятлари қайта кўриб чиқилди. Унга кўра, туман прокурори лавозимига Дилшод Муҳаммадович Сангиров, ИИБ бошлиғи лавозимига Шодиёр Усмонович Ибрагимов, туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи лавозимига эса Ҳасан Набижон ўғли Фарсаханов тайинланди.

  • Маълумот учун, Гулистон туманига 2018 йил кузидан буён Шавкат Ғофуров раҳбарлик қилиб келаётганди.
  • Бундан олдинроқ 2016 йилдан буён Ғиждувон тумани ҳокими лавозимида ишлаган Муроджон Умаров ишдан олиниб, унинг ўрнига Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Шерзод Aшуров туманнинг янги ҳокими этиб тайинлангани хабар қилинганди.
  • Шунингдек, Самарқанд вилояти Пайариқ тумани ҳокими Дилшод Мусинов ҳам ишдан олингани хабар қилинган. Kun.uz манбаси маълум қилишича, бу туманда ҳам «тўртлик» тўлиқ таркибда ишдан кетади.

Мавзуга оид