Жаҳон | 09:49 / 09.03.2024
7254
2 дақиқада ўқилади

Етти давлат Россияда терактлар хавфи ҳақида огоҳлантирди

АҚШнинг Москвадаги элчихонаси яқин 48 соат ичида Россияда терактлар содир этилиши хавфи ҳақида огоҳлантирди. Огоҳлантиришга Латвия, Жанубий Корея, Швеция, Канада, Германия ва Чехия қўшилди.

Латвия, Канада, Жанубий Корея, Швеция, Германия ва Чехия Москвадаги АҚШ элчихонасининг яқин икки кун ичида терактлар хавфи ҳақидаги огоҳлантиришига қўшилди. Латвия Ташқи ишлар вазирлиги 8 март, жума куни АҚШ элчихонаси маълумотларига таяниб, ўз фуқароларини эҳтиёт бўлишга ва келгуси 48 соат ичида Москвада одамлар гавжум жойларга бормасликка чақирди. Департамент, шунингдек, Латвия фуқароларини «халқаро хавфсизлик соҳасидаги кескин вазият» туфайли Россия Федерацияси ҳудудини тарк этишга чақирди.

Канада расмийлари ўз фуқароларига Россияга саёҳат қилишдан бош тортишни тавсия этди, шунингдек, теракт хавфи ҳақида огоҳлантирди. Жанубий Кореянинг Россиядаги элчихонаси ҳам худди шундай огоҳлантириш билан чиқди. Дипломатик миссия терактлар хавфидан огоҳлантирди, шунингдек, 8 мартга бағишланган тадбирлар муносабати билан одамлар гавжум жойларда «бахтсиз ҳодисалар эҳтимоли юқори»лигини таъкидлади. 

Хавфсизлик ҳолатининг ёмонлашиши 

Швеция элчихоналари ва консулликлари веб-сайтида огоҳлантириш пайдо бўлди, унга кўра мамлакат фуқароларига «минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашгани» сабабли Россияга бормаслик тавсия этилади, Чехиянинг Москвадаги элчихонаси эса ўз фуқароларини «Россия Федерацияси йирик шаҳарларида экстремистик гуруҳлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳужумлар ҳақидаги хабарлар туфайли» гавжум жойларда эҳтиёт бўлишга чақирди. 

Ўз навбатида, Германия Ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерациясига саёҳат қилиш бўйича тавсияларни янгилади ва Германия фуқароларига бундан воз кечишни қатъий тавсия этди. 

Кеча, 8 март куни АҚШ элчихонаси яқин икки кун ичида Москвада терактлар содир этилиши хавфи ҳақида огоҳлантирди. Кейинчалик Британия Ташқи ишлар вазирлиги ва АҚШ Давлат департаментининг Консуллик бюроси хавф ҳақида огоҳлантириш берди. Бундан ташқари, Давлат департаменти Россияга саёҳат қилиш учун хавф даражасини максималга кўтарди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид