Яқин кунларгача мусулмонлар учун муқаддас саналган ой арафасида ҳарбий ҳаракатлар тўхтатиши имконли ишдек кўринаётганди — Исроил ва ҲАМАС воситачилар орқали Қоҳирада гаровдагиларни Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбусларга алмаштириш эвазига вазиятни юмшатиш учун музокаралар олиб борди.

Аммо ўтган ҳафтада бу музокаралар натижасиз якунланди, гарчи Мисрдаги манбалар якшанба куни воситачилар Исроил билан келишувга эришиш мақсадида яна бир бор ҲАМАС делегацияси билан учрашув ўтказишини маълум қилган бўлса-да, бундан натижа бўлишига умид қилинмаяпти.

Жума куни АҚШ президенти Жо Байден яхшиликдан умидвор бўлса-да, ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги келишувга эришиш «осон бўлиб кўринмаётгани»ни айтганди.

АҚШнинг Исроилдаги элчиси Жек Лю аввалроқ агар келишувга эришилмаса, АҚШнинг Исроил ва Саудия Арабистони ўртасидаги тинчлик келишувини ҳам ўз ичига олувчи нисбатан кенгроқ стратегиясини амалга ошириб бўлмаслигини айтганди.

«Ҳарбий ҳаракатлардаги танаффус мамлакат шимолида тинчлик юзага келиши ва Саудия Арабистони билан муносабатлар нормаллашиши эҳтимолини оширади. Гаровдагилар билан боғлиқ инқироз барҳам топиши керак», — деганди у.

Нотинч Рамазон

Исрои ҳукумати Қуддуснинг Эски шаҳар қисмидаги мусулмонлар орасида Ал-Ҳарам аш-Шариф деб номланадиган, яҳудийлар Ибодат тоғи деб атайдиган комплексни назорат қилади.

Юз минглаб мусулмонлар ислом оламида Макка ва Мадинадан кейинги учинчи муқаддас қадамжо саналадиган, фақат Рамазон ойида ибодат қилиш учун ихтисослашган «Ал-Ақсо» масжидига киришга ҳаракат қилиб келишади. «Ал-Ақсо»нинг ёнида яҳудийлар ибодат қилувчи энг муқаддас жой саналган Ғарбий девор жойлашган.

ҲАМАС фаластинликларни муқаддас ой вақтида масжидга ташриф буюришда фаол бўлишга чақирган, Исроил бунга жавобан ҳаракатни «Рамазон ойи вақтида минтақадаги вазиятни кескинлаштиришга интилиш»да айблаган.

Шанба куни Исроил МРБ директори Билл Бёрнс Иорданияда Исроилнинг Моссад ташкилоти директори Дэвид Барнеа билан учрашиб, Ғазода гаровда ушлаб турилганларни озод этиш бўйича келишувга эришиш учун саъй-ҳаракатларни муҳокама қилгани ҳақида хабар берди.

«ҲАМАС Рамазон ойи вақтида Ғазо секторидаги фаластинликлар ҳисобига ҳудудда олов ёқишга ҳаракат қилмоқда», — дейилган Моссаднинг Бёрнс ва Барнеа учрашуви тўғрисидаги баёнотида. — ҲАМАС ён беришдан бош тортмоқда ва очиқчасига келишувдан манфаатдор эмаслигини билдирмоқда».