09:41 / 18.03.2024
6020

Нетаняҳу Шолц билан учрашганидан кейин ЦАҲАЛ ҳужумини кейинга қолдирди

Исроил бош вазирининг сўзларига кўра, мамлакат армияси тинч аҳоли «тузоқда» қолган экан, Ғазо секторидаги Рафаҳга эълон қилинган ҳужумни бошламайди. 

Фото: Kay Nietfeld/dpa/picture alliance

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу 17 март, якшанба куни Германия канцлери Олаф Шолц билан учрашгандан сўнг, тинч аҳоли «тузоқда» қолган экан, ЦАҲАЛнинг аввалроқ эълон қилинган Ғазо секторидаги Рафаҳга ҳужумини кечиктиришга тайёрлигини айтди. AFP таъкидлаганидек, учрашувда канцлер Исроилни «узоқроқ оташкесим» бўйича музокаралар олиб боришга чақирди. 

Исроилнинг мақсади «Рафаҳда қолган террорчилар баталонларини йўқ қилиш» бўлиб қолаверади», деди Нетаняҳу Шолц билан учрашувда. Бироқ, Исроил «аҳолини ўз жойида ушлаб тургунимизча» буни қилмайди. Канцлер Исроилни сўнгги ойларда юз минглаб фаластинликлар қочган Ғазо сектори жанубига ҳужум қилмаслик тўғрисида яна қаттиқ огоҳлантирди. 

Шолц таъкидлашича, ҳозирда секторнинг жануби-ғарбий қисмидаги шаҳарда 1,5 миллион одам ўта оғир шароитда яшамоқда ва ҳимояга муҳтож. «Улар қаерга бориши керак?» - дея таъкидлади канцлер Исроил бош вазирига тинч аҳоли орасида қурбон бўлганлар кўплигини таъкидлаб. AFP хабарига кўра, Шолц шунингдек, инсонпарварлик ёрдами билан боғлиқ вазиятни сезиларли даражада яхшилашга интилмоқда. «Биз фаластинликларнинг очликдан ўлаётганини кузатиб туролмаймиз, - деди у. - Доимий ва ишончли кўпроқ инсонпарварлик ёрдами керак».

Шолц Ғазо секторидаги урушни тўхтатиш, жумладан, гаровга олинганларни озод қилишга чақирди 

Германия канцлери Иордания ва Исроилга икки кунлик сафари олдидан инсонпарварлик ёрдами етказилишини таъминлаш учун Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни тезроқ тўхтатишга чақирди. «Ҳозирда гаровга олинганларни озод қилиш ва шу билан бирга, Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказилишини таъминлайдиган ўт очишни тўхтатиш келишувига жуда тез эришилиши муҳим бўларди», — деди Шолц. 

Шу билан бирга у Исроилни Рафаҳда ҳарбий операция ўтказмаслик тўғрисида яна огоҳлантирди. «Биз кейинги ҳарбий ўзгаришлардан хавотирдамиз. Хусусан, Рафаҳдаги кенг қамровли ҳужум тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга олиб келиши мумкин, ҳар қандай ҳолатда ҳам бунинг олдини олиш керак». 

Исроилнинг Рафаҳга ҳужум қилиш режаси 

15 март куни Нетаняҳу вазирлар маҳкамаси Исроил мудофаа кучларининг ҳозирда 1,5 миллионга яқин тинч аҳоли бошпанада қолаётган Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужум қилиш режаларини тасдиқлади. Исроилнинг Доҳадаги музокараларда иштирок этишга тайёрлиги ҳақидаги маълумотлар Исроил ҳукумати ушбу операция режасини маъқуллагани ҳақидаги баёнот бир қисми сифатида тарқатилди, дея хабар беради Reuters. 

Журналистлар кўриб чиққан ҳужжатда, жумладан, ЦАҲАЛ шаҳардан тинч аҳолини эвакуация қилишга ҳозирлик кўраётгани айтилади. Айни пайтда, операциянинг аниқ муддати кўрсатилмаган. 

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Исроилнинг Рафаҳда ҳарбий операция ўтказиш режасини шарҳлар экан, Қўшма Штатлар тинч аҳолини ҳимоя қилиш, уларни бошпана, озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаш бўйича кўп томонлама чора-тадбирларни ўз ичига олган «аниқ ва амалга оширилиши мумкин бўлган режа»ни кўришни исташини таъкидлади. Вашингтон ҳали бундай режани кўрмади, дейди Блинкен. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 31 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Top