Ўзбекистон | 14:54 / 19.03.2024
9405
3 дақиқада ўқилади

Фото: Ёшлар боғига президент иштирокида илк кўчатлар экилди

75 гектардан ортиқ майдонни эгаллайдиган ва Тошкентда ҳудуди жиҳатидан иккинчи йириги бўладиган боққа биринчи босқичда минг тупдан зиёд каштан, эман, шарқий чинор, қизил куртак, магнолия, гужум каби манзарали дарахтлар ҳамда бута ва гуллар экилади. Лойиҳа якунига қадар уларнинг сони 20 минг тупга етади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Сергели туманида ташкил этилаётган Ёшлар боғига кўчат ўтқазди.

Президент ташаббуси билан 2021 йилдан буён «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Жумладан, экологик вазиятни яхшилаш мақсадида Тошкентнинг «яшил белбоғи» ташкил этилмоқда. Ёшлар боғи шу ҳалқанинг муҳим бўғини бўлади.

Давлат раҳбарига боғ лойиҳаси ҳақида ахборот берилди. Унинг майдони 75 гектардан зиёд бўлиб, ҳудуди жиҳатидан пойтахтда «Янги Ўзбекистон» боғидан кейин иккинчи ўринни эгаллайди. 

Боғ еттита катта ҳудудга бўлинади. Марказий хиёбонда турли майдонлар, минг ўринли очиқ амфитеатр, миллий ва халқаро гастрономик зоналар барпо этилади.

Очиқ ҳавода овқатланиш ва қизиқарли машғулотлар учун алоҳида жойлар бўлади. Мусиқий фавворалар, очиқ осмон остидаги кинотеатр, санъат кўргазмалари ва лазер-шоу имкониятлари яратилади. Болалар учун спорт ва ўйин майдонлари, машҳур эртаклардаги қишлоқлар, устахона, кутубхона ташкил этилади. Сунъий кўл, каноэ ва сузиш ҳавзаси, балиқ ови дам олувчиларга ҳузурбахш бўлади.

19 март куни Тошкент шаҳри жамоатчилиги, давлат ташкилотлари ва дипломатик корпус вакиллари, ёшлар иштирокида боққа кўчатлар экилди.

Президент боғ лойиҳасида қатнашаётган инвестор ва лойиҳачилар, чет эллик дипломатлар билан мулоқот қилди.

- Халқимиз қаерда бўлса, дарахт экишга интилган. Амир Темур Самарқанд атрофида сўлим боғлар барпо этган, бошқа шаҳарларни ҳам обод қилган. Буюк боболаримизга муносиб бўлиб, бу ишларни қиляпмиз, - деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари боққа келган юртдошлар билан суҳбатлашиб, уларни Наврўз билан табриклади. 

Боққа биринчи босқичда минг тупдан зиёд каштан, эман, шарқий чинор, қизил куртак, магнолия, гужум каби манзарали дарахтлар ҳамда бута ва гуллар экилади. Лойиҳа якунига қадар уларнинг сони 20 минг тупга етади.

Яна бир эътиборли томони, бу боғда табиийлик, ўрмон шакли, экзотик манзара ҳосил қилинади. Боғ фойдаланишга топширилиши билан 350 тадан ортиқ иш ўрни яратилади.

Айни кунларда ҳам ҳудудларда кўчатлар экилмоқда. Умуман, мамлакат бўйлаб 347 гектар майдонда «яшил ҳудуд», 187 та вазирлик ва ҳокимлик боғлари барпо этилган.

Мавзуга оид