Москва яқинидаги «Крокус Сити Ҳолл»да ҳарбий либосдаги шахслар «Пикник» гуруҳи концерти арафасида автоматдан одамларни ўққа тутди. Россия Федерал хавфсизлик хизматининг сўнгги маълумотларига кўра, камида 60 киши ҳалок бўлган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 115 нафар жабрланувчи шифохоналарга ётқизилгани, шундан беш нафари болалар эканини маълум қилган. Отишма бошланган маҳалда залда олти мингга яқин томошабин бўлган бўлиши мумкин — «Пикник» концерти учун барча чипталар сотиб бўлинганди. Одамлар «Крокус Сити Ҳолл»ни тарк этаётганида у ерда бир неча портлашлар содир бўлган. Бинода ёнғин бошланган, унинг томи амалда бутунлай қулаб тушган. Россия Тергов қўмитаси теракт тўғрисида иш очган. Владимир Путинга рўй берган ҳодиса ҳақида «илк дақиқалардаёқ» хабар берилди, деган Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков.

Отишма «Пикник» гуруҳининг Москва чеккасидаги «Крокус Сити Ҳолл»даги концерти арафасида бошланди.

РИА Новости мухбири хабарига кўра, партерга камуфляжда бўлган камида уч киши бостириб кириб, автомат қуролдан ўт оча бошлаган. Шундан кейин, улар граната ёки ёндирувчи шашка улоқтирган, натижада ёнғин бошланган. Залдаги одамлар полга ётишган, 15–20 дақиқа ўтиб у ерни эмаклаган ҳолда тарк этишга киришишган.

Концертга келган ва омон қолганлардан бири «Новая газета Европа» нашри билан суҳбатда отишма концерт бошланиши арафасида, иккинчи ва учинчи қўнғироқлар оралиғида рўй берганини айтган. У фойеда автоматдан сидирғасига ўт очилганини эшитгани, шундан кейин қўриқчилар одамларни залдан саҳна орқали чиқара бошлаганини айтган. Отишма вақтида айрим томошабинлар ҳали палтоларини гардеробга топшираётганди.

Гувоҳлар «Москва 24» нашрига болохонада ўтиришгани ва отишма овозларини эшитишганини гапириб беришган. Улар иккинчи қаватдан туша бошлашганида аллақачон залда ҳам одамларни ота бошлашганини тушунишган. Бошқа гувоҳлар, ўқ овози келиши билан полга ётишгани, аммо барча юқорига чиқаётганини кўргач, улар ҳам кўтарила бошлаганини айтишган. «Барча томондан отишарди, шунчаки ҳамма ёқдан», — деган гувоҳлардан бири.

Отишма оқибатида камида 60 киши ҳалок бўлган. Россия тергов қўмитаси камида 40 киши ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилган, 115 киши шифохонага ётқизилган. Қурбонлар ва ярадорлар сони ҳали ортиши истисно этилмаяпти.

«Осторожно, новости» телеграм-канали ҳарбий либосдаги камида уч киши ҳолл бурчакларида яширинишга уринган одамларни яқин масофадан тутиб ўққа тутаётгани акс этган видеоларни намойиш этган. Воқеа жойида бўлган Msk1 мухбири ўлдирилганларнинг жасадлари кўчаларда ётгани ҳақида хабар қилган.