22 март куни террорчилар Москва областида жойлашган «Crocus City Hall» мажмуасининг концерт залига ҳужум қилишди. Улар Москва вақти билан соат 20:00 лар атрофида «Пикник» гуруҳининг концертига йиғилган 6 мингдан зиёд томошабин бўлган залга бостириб кириб, ўқотар қуролдан томошабинларга қарата ўт оча бошлашган.

Фото: Сергей Ведяшкин / «Москва» агентлиги

Россиянинг энг йирик савдо ва кўнгилочар марказида рўй берган даҳшатли террорчилик акти хронологияси ва энг асосий хабарлар билан яна бир бор таништириб ўтамиз.

  • Энг камида 5 нафар террорчи бинога икки томондан — автотураргоҳ ва бош кириш эшигидан бостириб киришган. Улар аниқлаштириб ўтирмасдан, «Пикник» гуруҳининг концертига келган томошабинларга қарата ўт очишган.

  • Ўнлаб нуқталарда ўт очилган. Воқеа гувоҳлари камида иккита портлаш овозини эшитишган. Уларнинг сўнггиси Москва вақти билан соат 21:30 атрофида рўй берган.

  • Ҳужум қилган террорчилар нафақат концерт залида, шунингдек фойеда ҳамда унга кириш жойида ҳам ўт очишган. Ҳужум қилганларнинг икки нафарида рюкзак бўлган. Уларда портловчи моддалар бўлгани тахмин қилинмоқда.

  • Дастлабки ҳисобларга кўра, 62 киши ҳалок бўлган. Москва области соғлиқни сақлаш вазирлиги теракт давомида турли даражада тан жароҳати олган 146 нафар жабрланувчининг рўйхатини эълон қилди. Улардан 115 нафари касалхоналарга жойлаштирилган. Шундан 5 нафари вояга етмаган болалар. 60 нафар ёши катта жабрланувчилар ва бир нафар ёш боланинг аҳволи оғир. Яна тўққиз кишининг аҳволи ўта критик экани маълум қилинди.

  • Одамларнинг катта қисми концерт залини ўзлари қочиб чиқиб тарк этишга муваффақ бўлишган. Улар бинодан чиқиш учун унинг ойнаванд фасади деразаларини ҳам синдиришган. Москва области Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, одамлар бинонинг ертўла қисмидан чиқариб олинган, шунингдек, унинг томидан кранлар ёрдамида туширилган.

  • Жангарилар концерт залига ўт қўйишган. Ёнғин тезда бино бўйлаб тарқала бошлаган. Олов қарийб 13 минг метр квадрат майдонни қоплаб олган. Бинонинг ойнаванд фасади ва томи қулаб тушган. Ёнғинни ўчиришга вертолётлар ҳам жалб қилинган. 5 соатлик уринишлардан сўнг олов қуршаб олинган.

  • «Crocus City Hall»нинг ҳожатхонасида 10 дан зиёд инсоннинг жасади топилган. Отишма чоғида томошабинларнинг бир қисми ҳожатхонага яширинганди. Улар 112 рақамига қўнғироқ қилиб, қутқаришларини сўрашган. Ҳожатхонага ёнғин тутуни кириб, улар нафас олишга қийналиб вафот этишган.