Иқтисодиёт | 17:43 / 28.03.2024
10546
2 дақиқада ўқилади

2024 йилда Ўзбекистонга Россиядан газ импорти 3 баробарга ошиши мумкин

Жорий йилда Россия газининг Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга импорти 2023 йилдаги 1,28 млрд куб метрдан 3,8 млрд куб метргача кўпайиши мумкин.

Фото: ТАСС

2024 йилда Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга ташиш ҳажми 2023 йилга нисбатан қарийб 3 баробар ошиб, 3,8 млрд куб метрни ташкил этиши мумкин. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазирлигига таяниб, ТАСС хабар берди.

“Газпром ва Қозоғистон ҳукумати ўртасида имзоланган стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида Россия газининг Ўзбекистонга йиллик ташиш ҳажмини 2023 йилдаги 1,28 млрд куб метрдан 2024 йилда 3,8 млрд куб метрга ошириш белгиланган”, дейилади хабарда.

Аввалроқ, 2026 йилдан бошлаб Россия газининг Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга импорти 3 млрд куб метрдан 11 млрд куб метргача оширилиши мумкинлиги маълум қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон илк марта Россиядан газ импорт қила бошлади. UzGasTrade ва “Газпром” ўртасида йилига 2,8 млрд куб метр ёки кунига 9 млн куб метргача газ етказиб бериш бўйича шартнома тузилган. Шундан кейин томонлар ўртасида ўрта ва узоқ муддатли шартномалар бўйича музокаралар бошланган.

2024 йилги давлат дастурига кўра, “шимолдан импорт қилинадиган” табиий газ ҳажми кунига 9 млн куб метрдан 32 млн куб метргача оширилади. Республика магистрал газ тизимини бунга тайёрлаш учун ташқи қарзлар ҳисобидан 500 млн доллар ажратиш режа қилинган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид