Қандай қилиб бир неча минг киши иштирокидаги тадбирни (концерт зал 7 мингдан ортиқ томошабинга мўлжалланган) қўриқлаш учун фақат ўзини ўзи мудофаа қилиш воситаларигина ажратилганди? Нима учун аҳоли жон бошига тўғри келадиган хавфсизлик кучлари сони бўйича дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бирини қайд этган Россия пойтахти регионида керакли паллада тинч аҳолини ҳимоя қила оладиган қуролланган одамлар етиб келмади? Россия ҳукумати нима учун АҚШнинг Москвада теракт тайёрланаётгани тўғрисидаги огоҳлантиришини эътиборсиз қолдирди?

Россия расмийлари учун ёқимсиз бўлган ушбу саволларга ҳалигача аниқ жавоблар йўқ.

Қуролли ҳужум тўғрисида хабар берилганда махсус бўлинмалар қандай ҳаракатланиши лозим?

ФХХнинг ўта хавфли жиноятчиларни қўлга олиш ва гаровга олинганларни озод этишга ихтисослашган, шахси сир қолдирилишини сўраган истеъфодаги зобити BBC билан суҳбатда бундай вазиятлар учун махсус хизматларнинг ҳаракатлари инструкцияларда аниқ белгилаб қўйилганини айтган.

«Ҳозир узоқ чўзилувчи тасдиқлаш жараёни йўқ. Навбатчи пултига отишма, гаровга олинганлар ҳақида маълумот етиб келиши билан у буйруқ беради, доимо жанговар шайлик ҳолатида турадиган биринчи гуруҳ зудлик билан воқеа жойига йўл олади, қолган жанговар гуруҳлар тревога бўйича жойидан қўзғалади.

Биринчи гуруҳ командири шароитга кўра ҳаракат қилади, зарурат туғилганда қўшимча кучлар олиб келинади, оператив штаб ташкил этилади, кейинги қарорлар шу ерда қабул қилинади.

Биринчи, навбатчи гуруҳнинг вазифаси — имкон қадар тезроқ етиб бориш. Фарқи йўқ — хоҳ вертолётда бўлсин, хоҳ машинада. Агар бундай имконият бўлмаса — эшакка миниб бўлса-да, бориш керак», — дейди махсус хизматларнинг собиқ ходими.

Росгвардиянинг Махсус тезкор жавоб қайтариш отряди (СОБР) «Крокус»га қачон етиб келган?

СОБР жангчилари бино ичига киргани ҳақида биринчи бўлиб соат 21:32 да Mash телеграм-канали хабар тарқатди, бу полиция ва махсус хизматларга яқин манба ҳисобланади.

Шубҳасиз, бинога кириш бундан олдинроқ рўй берган, маълумотни қайта ишлаш ва нашр этишга маълум вақт кетган. Бўлинма воқеа жойига етиб келган заҳоти «Крокус» ичкарисига кира олмаслиги ҳам тушунарли, жангчилар нима бўлаётганини тушуниб олиши, йўналишларни белгилаши, атрофни ўрганиши, бинони ўраб олиши ҳамда эҳтимолий чекиниш йўлларини тўсиши талаб этиларди.

ТАСС мухбири воқеа жойидан берган хабарга кўра, Росгвардиянинг махсус бўлинмалари ходимлари соат 21:06 да етиб келган. Бу аниқ маълумот бўлмаслиги мумкин — айрим видеоёзувларда махсус сигналли машиналар соат 20:30 да бино атрофида бўлганини кўриш мумкин. Аммо қоронғи вақтда бундай машиналар қайси идораларга мансуб эканини аниқ айтиб бўлмайди.