Бутун дунёда 22 сентябр «Халқаро автомобилсиз кун» сифатида ўтказилади. Бу кунда йўллар, кўчалар машиналар учун тўсилиб, одамлар кўпроқ экотранспорт воситалари: велосипед, автобус, метродан фойдаланишга ёки пиёда юришга чақирилади. Мақсад – иложи борича шаҳар ва унинг аҳолисини соғломлаштириш, атроф-муҳитга заҳарли газлар чиқишини камайтириш.

Шу йил 21 феврал санасида имзоланган тегишли фармон билан Тошкентда ҳар ойнинг бир иш кунида «Автомобилсиз кун» жамоат лойиҳаси ўтказилиши маълум қилинганди. Экология вазирлиги ташаббуси билан дастлабки «байрам куни» 29 март бўлиши эълон қилинди. Хўш, Тошкент бу кунни қандай ўтказди?

Катта тирбандлик билан бошланган кун

Пойтахт шаҳар учун тирбандликлар, ҳатто «Автомобилсиз кун»да ҳам нормал ҳолатга айланиб улгурган. Тиғиз вақтларда, яъни эрталабки соат 07:00 дан 10:00 гача ва 17:00 дан 20:00 гача деярли ҳар куни катта тирбандликлар кузатилади.

Шу сабабли 29 март тонги 6 балли тирбандлик билан бошланганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Соат 11:00 ларга келиб тирбандлик даражаси бир баллга тушиб, 5 баллни ташкил қилаётганди. Кечки соат 5 яримларда эса бу даража 8 баллга кўтарилди.

29 март куни соат 17:24 да Тошкент шаҳрида кузатилган 8 балли тирбандлик даражаси / Фото: Навигатордан скрин

Маълумот учун, 2023 йилда 23 октябр куни Тошкентдаги бир қанча кўчаларда 10 балли мегатирбандлик кузатилганди. Ўшанда Транспорт вазирлиги бунга бир нечта асосий кўчалардаги қурилиш-таъмирлаш ишлари сабаб бўлгани, бошқа кўчалардаги мавжуд оқимга қўшимча юклама ҳосил қилганини айтиб чиққанди