Таҳлилий мақолаларингизда ҳудудий хусусиятлар макроиқтисодий ва стратегик режалаштиришда ҳисобга олиниши кераклиги ҳақида кўп ёзгансиз. Туманлар кесимига келсак, у ерда қандай ташкилий ва молиявий имкониятлар борки, улардан фойдаланиш мумкин?

— Бугунги кунда туман ҳокимликлари «ҳоким ёрдамчилари» деган институт билан мустаҳкамланган бўлиб, улар ҳар бир маҳаллага алоҳида бириктирилган. Бу институт ўтган вақт давомида ўзининг кераклигини ва ўз вақтида тузилганини тўла исботлади. Айнан шу ёрдамчилар туфайли тадбиркорлар давлат билан ўз муносабатларини тўла ишонч асосида олиб боришлари мумкинлигига амин бўлишди. Бугунги кунда ҳоким ёрдамчилари тадбиркорларга ишни қандай ташкил қилиш, бозорларни қандай топиш, айланма маблағлари учун қандай кредит ресурсларини жалб қилиш каби ўта муҳим ва практик аҳамиятли масалаларда ёрдам берувчи энг муҳим «звено» бўлиб қолди.

Илгари бу ишлар давлат банклари ва уларнинг ходимларига топширилар эди. Лекин бу банкларга хос фаолият эмас ва манфаатлар зиддияти юзага келаётганди.

Кейинги муҳим масала иқтисодий имкониятлар ва маҳаллий аҳолининг позитив ўзгаришларга нисбатан шиддатини уйғотиш.

Бу борада ҳам кейинги йилларда кўп ишлар қилинди ва моддий қувватлаш 2 йўналишда бўлди – банклар ва давлат бюджети томонидан. Давлат маҳаллий тадбиркорлик ҳаракатини уйғотиб, уни ривожлантиришга кўп стимуллар, лифтлар яратди. «Ҳар бир оила тадбиркор», «Ёш тадбиркор», «Тадбиркор аёл» дастурлари асосида юз минглаб оила ва ёш тадбиркорларга дастлабки тижорат фаолияти учун 2022 йилгача 10 дан ортиқ банклар, ундан кейин эса Халқ банки, Агробанк ва Микрокредитбанк томонидан жуда кўплаб кредит маблағлари ажратилди. Тўғри, баъзи ҳолларда берилган маблағлар мақсадга мувофиқ ишлатилмай, уларнинг қайтиши мураккаблашган. Лекин умумий тадбиркорлик ҳаракатининг қишлоқ ҳудудларида кўтарилиши ва халқнинг умумий даромадлари ошишига бу дастурларнинг сезиларли ҳисса қўшаётгани шубҳасиз. Асосий мақсад эса айнан шу эди.

Кейинги вақтларда Сайхунобод тажрибаси ҳақида кўп гапирилмоқда. Бу тажрибанинг асл моҳияти нимада?

— Сайхунобод чўл зонаси бўлиб, асосий логистика йўлларидан четда қолган. Табиийки, кўпгина чўл зонасидаги аҳоли каби, у ердагилар ҳам кўпроқ чорвачилик билан шуғулланиб, тирикчилик қилган. Лекин бу айнан «тирикчилик» бўлган, яъни бунинг ортидан ҳар бир оила ўз эҳтиёжларига аранг етадиган озуқа топган ва минимал даражада даромад кўрган. Йиллар давомида аҳоли сонининг ўсиши туфайли бу ерларда киши бошига даромад миқдори қисқариб, аҳолининг турмуш даражаси тушиб бораверган. Сир эмаски, ҳар бир худуднинг иқтисодий-ижтимоий ўсиши у ердаги ишлаб чиқариш кучларининг сони ва сифатига ҳамда турли савдо йўналишларига яқин-узоқлигига боғлиқ.