Тайванда сўнгги 25 йилдаги 7,4 магнитудали энг кучли зилзила камида тўққиз кишининг ҳаётига зомин бўлди ва 700 нафардан ортиқ киши жароҳат олди. Аммо бундай кучли табиий офат учун вайронагарчиликлар кўлами, энг муҳими, инсонлар қурбонлари сони нисбатан кичик. Нега? Таққослаш учун: 1999 йилда худди шундай магнитудали зилзила бу ерда 2 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган эди. BBC табиий офат оқибатларига Тайванда қандай тайёргарлик кўрилганини таҳлил қилди.
Тайвандаги АҚШ элчиси вазифасини бажарувчи Сандра Оудкирк ижтимоий тармоқда Тайван халқига йўллаган мурожаатида: «Тайван бутун дунёга табиий офатларнинг олдини олиш, табиий офатларни бартараф этиш ва гуманитар ёрдам кўрсатишнинг муваффақиятли моделини намойиш этди», деб ёзди.
Тайванда зилзилалар кам учрайдиган ҳодиса эмас: орол иккита тектоник плиталарнинг туташган жойи яқинида жойлашган. Зилзилалар аҳоли кам яшайдиган ва асосан шарқий қирғоқлардаги қишлоқ жойларида содир бўлади.
5 мингдан ортиқ биноларни вайрон қилган ва 2,4 мингдан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган 1999 йилдаги зилзила (21 сентябрда содир бўлгани сабабли оролда «Зилзила 921» деб номланган) ҳукуматни қурилиш меъёрлари ва табиий офатларни бошқариш қонунларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.
21 сентябрда Тайван бўйлаб ҳар йили табиий офатларни бошқариш бўйича машғулотлар куни нишонланади. Шу куни фуқароларнинг мобил телефонларига зилзила ва цунами каби офат ҳақида огоҳлантириш юборилади, орол бўйлаб мактабларда эвакуация машқлари ўтказилади.

Зилзилаларга чидамли қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи Тайваннинг Alfa Safe компаниясини бошқарадиган қурилиш муҳандиси Тай Юн-фа сўзларига кўра, қатъий қурилиш қоидалари оролни табиий офатларга яхшироқ тайёрлашга ёрдам берган бўлса-да, баъзи ишлаб чиқарувчилар ҳали ҳам янги қоидаларни четлаб ўтиб, бино қурмоқда.
«Лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида арзон нархлар мўлжалга олинади, шунинг учун энг яхши сифатга эришиш мумкин эмас», деди у.
Лондон Университет коллежи геотехник зилзила муҳандислиги профессори Зигги Любовски Тайвандаги вайронагарчилик акс этган фотосуратлардаги кўплаб бинолар анча эски кўриниши ва замонавий қурилиш стандартларига жавоб бермаслигини таъкидлади. «Қийшайиб қолган, аммо қуламаган бинолар – дизайн хусусияти эмас, балки кўпроқ омад омилидир», деди у. Унинг фикрича, қулаган уйлар ўрнига қуриладиган янги уйлар замонавий талабларга жавоб берадиган бўлади.



















