Новороссийскка 9 сентябрга ўтар кечаси учувчисиз учиш аппаратлари (БПЛА) билан ҳужум қилинди. Бу ҳақда шаҳар мэри Андрей Кравченко Telegram орқали маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, уриб туширилган дронларнинг парчалари корхоналар ҳудудига, шунингдек, турар жой биноси яқинига тушган. Дастлабки маълумотларда жабрланганлар йўқлиги айтилмоқда. Ҳодиса жойларида тезкор хизматлар ҳужум оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланмоқда.

ASTRA нашрининг очиқ манбалар асосидаги OSINT-таҳлилига кўра, зарбалардан сўнг Новороссийскдаги мазут терминалида кучли ёнғин бошланган. Мазкур терминал Россиядаги энг йирик порт таркибига кирувчи Новороссийск транспорт узелининг муҳим корхоналаридан бири ҳисобланади.

Шунингдек, шаҳарнинг бошқа қисмида ҳам ёнғин қайд этилган. Гувоҳлардан бири уни видеога олган. ASTRA маълумотига кўра, Волгоградская кўчасида жойлашган кўп қаватли турар жой биносида ҳам ёнғин чиққан.

Новороссийск Россия ташқи савдоси учун стратегик аҳамиятга эга порт шаҳарларидан бири бўлиб, унинг порти Европадаги энг йирик портлар қаторига киради. У орқали Россиянинг жаҳон бозорларига чиқариладиган нефт, металл, контейнер юклари ва катта ҳажмдаги дон маҳсулотлари ташилади.

Маълумотларга кўра, Россия дон экспортининг учдан бир қисмигача Новороссийск порти орқали амалга оширилади. Бунга портнинг мамлакатнинг асосий қишлоқ хўжалиги ҳудудларига яқин жойлашгани ҳам сабаб бўлади.

Август ойида ҳам Новороссийскка зарбалар кучайиши ортидан нефт ва дон маҳсулотларини юклаш ҳамда жўнатиш жараёнларида сезиларли узилишлар кузатилган эди.