Россиянинг Оренбург вилояти, Орск шаҳрида тўғон ёрилди. Шаҳар аҳолиси эвакуация қилинмоқда. 4 мингга яқин хусусий турар-жой бинолари сув босиши хавфи остида.

Аввалроқ Орскда сув тошқини туфайли фавқулодда ҳолат жорий этилган эди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, қутқарувчилар тўғонни мустаҳкамлаш ишларини олиб бормоқда.

https://vk.com/video_ext.php?oid=-23482909&id=456258173&hash=9256f2f9bee3eba8

«Тўғон ёрилиши, биринчи навбатда, Орскнинг хусусий секторига таҳдид солади; 10 минг киши яшаши мумкин бўлган 4 минггача уй сув тошқини зонасига тушиши мумкин. Қутқарувчилар гуруҳи кучайтирилди, ишга оғир юк машиналари қўшилди», дейилади ФВВ хабарида.

Орск маъмурияти маҳаллий вақт билан соат 18:00 да «тўғон бузилиши хавфи туфайли» аҳоли эвакуация қилинишини эълон қилди. Аҳолига ҳужжатларни тўплаш ва 6 та вақтинчалик жойлаштириш марказига кўчиб ўтиш тавсия қилинди. «Бу гидротехник иншоот эмас. Тўғон шаҳар чеккасидаги сув оқими ҳаракатини тартибга солиш учун мўлжалланган эди», деб хабар берди вилоят маъмурияти.

Оренбург вилоятида об-ҳаво исиши туфайли дарёлардаги сув сатҳи кескин кўтарилган. Оқибатда 95 та аҳоли пункти ҳудудида 1825 та турар-жой биноси ва 5242 та томорқа ерлари сув остида қолган. 4 апрелга ўтар кечаси Урал дарёсидаги Ириклинский сув омборидан сув оқими секундига 890 дан 1672 куб метргача кўтарилди. Вилоятда фавқулодда ҳолат режими жорий этилди.