Манбаларга кўра, аэродромда Су-27 қирувчилари ҳамда сўнгги вақтларда фронт чизиғи яқинида фаоллашган Су-34 бомбардимончилари жойлаштирилганди.
Морозовскда дронлар орқали амалга оширилган ҳужум ҳақидаги илк маълумотлар жумага ўтар кечаси пайдо бўлганди.
Москва вақти билан тунги соат иккилар чамаси Ростов области губернатори Василий Голубев қисқача хабар қолдирди: «Морозовск районида ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмаси учувчисиз учар аппаратларнинг ёпирилма ҳужумини қайтармоқда».
Бунгача Россия нашрлари, жумладан пропагандачи «Readовка» ҳужум нишони Морозовскдаги аэродром бўлганини хабар қилганди.
Кейинроқ Голубев дронлар электр нимстанциясига урилгани ҳамда унга «арзимас даражада» зарар етказгани, айни пайтда жабрланганлар йўқлигини айтиб чиқди.
Губернатор куннинг иккинчи ярмида телеграмдаги каналида қолдирган яна бир постида жумага ўтар кечаси «Морозовск районида, аэродром яқинида» дронлардан бири қулаши оқибатида портлаш содир бўлгани, бунинг натижасида саккиз киши жароҳатланганини ёзди. «Дрон қулаган жойда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дея ёзган Голубев.
Тунда Саратов областида Россиянинг йирик бомбардимончи самолётлари жойлаштирилган Энгелс шаҳрига ҳам украин дронлари ҳужум қилгани ҳақида хабар тарқалганди. «Энгелсда эрта тонгда учувчисиз учиш аппарати йўқ қилинди. Дастлабки маълумотларга кўра, парчалар қулаши оқибатида жабрланганлар ҳамда инфратузилмалар вайрон бўлиши қайд этилмаган», — дея ёзди телеграмда Саратов области губернатори Роман Бусаргин.
Унинг бундай формулировкасидан йўқ қилинган дронлар сони қанча бўлгани ҳақида аниқ хулоса чиқариб бўлмайди. Маҳаллий пабликлар кўплаб портлашлар ҳақида хабар тарқатган, аммо ҳаводаги нишон ракета билан уриб туширилса, уни тутиб қолиш учун камида иккита ракета учирилади.
Энгелс аввалдан Ту-95 ва Ту-22 русумли оғир бомбардимончи самолётлар учун база сифатида машҳур, бу самолётлар Украинанинг ички ҳудудларига узоқ масофадан, одатда Каспий ҳудудидан қанотли ракеталар учириш учун фойдаланилади.
Уруш давомида мазкур аэродром бир неча бор украинлар томонидан ҳужумга учраганди.
РФ мудофаа вазирлиги тунда қанча дрон қаерларда уриб туширилгани бўйича ўз маълумотини эълон қилган, унга кўра Саратов областида битта, Ростов областида — 44 та дрон уриб туширилган. Шунингдек, Краснодар ўлкаси узра олтита, Курск ва Белгород областларида биттадан дрон тўхтатилгани маълум қилинган.

















