Ўзбекистон | 13:27 / 10.04.2024
4588
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда ўқувчини урган ўқитувчи ишдан бўшатилди

Шунингдек, суд ҳукми билан ўқитувчи ҳақорат ва танага енгил жароҳат етказганликда айбдор деб топилиб, БҲМнинг 20 баробари миқдорида жаримага тортилган.

Фото: Kun.uz

Жиззах вилояти Зомин туманида ўқитувчи 7-синф ўқувчисини уриб ҳақорат қилган ва унга енгил тан жароҳати етказган. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Зомин туманида яшовчи Д.М. Болалар омбудсманига мурожаат қилган. У мурожаатида 2023 йил 26 декабр куни мактаб ўқитувчиси С.М. 7-синфда ўқийдиган ўғлининг юз қисмига бир неча бор тарсаки уриб, уни турли номақбул сўзлар билан ҳақорат қилганини билдирган.

Болалар омбудсмани сўрови асосида Зомин тумани ММТ бўлимининг тегишли мутахассислари томонидан ҳолат ўрганилиб, мазкур умумий ўрта таълим мактаб директорининг буйруғига асосан С.М. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Шунингдек, 2024 йил 23 январда жиноят ишлари бўйича Зомин туман судида ўқитувчининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, С.М.га нисбатан МЖТКнинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) ва 52-моддасини (Енгил тан жароҳати етказиш) содир этган деб топилиб, унга нисбатан БҲМнинг 20 баравари миқдорида жарима жазоси белгиланган.

Яна бир бор таъкидлаймиз, таълим муассасаларида болаларга нисбатан номақбул муомала ва зўравонлик ҳолатлари жавобсиз қолиши мумкин эмас”, дейилади Болалар омбудсмани хабарида.

Мавзуга оид