Апрел ойи бошида Исроил авиацияси Эроннинг Дамашқдаги консуллигига зарба берганди. Бунинг оқибатида Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг (ИИМК) етти нафар аъзоси ҳалок бўлди. Улар орасида корпуснинг юқори мартабали генерали Муҳаммад Ризо Зоҳидий ҳам бўлган, у «Қудс» кучларининг элита бўлинмасига қўмондонлик қилган. Эрон мазкур ҳолат юзасидан ўз норозилигини билдира бошлади ва муносиб жавоб қайтаришини эълон қилди. Ушбу хабарлар ортидан 14 апрелга ўтар кечаси Исроилга 120 та баллистик, 30 та қанотли ракеталар, шунингдек 170 дан ортиқ дронлар қўллаган ҳолда ҳужум уюштирилди. Икки давлат ўртасидаги низо сабаби нимада ва у қандай юзага келган?
Исроил ва Эрон муносабатларидаги зиддиятли жиҳатлар
Эрондаги сиёсий режимнинг ўзгариши. Эрон 1950 йил 6 мартда мусулмон давлатлари ичида Туркиядан кейин иккинчи бўлиб Исроилни мустақил давлат сифатида тан олганди. Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий даврида Эрон учун Исроил АҚШ билан муносабатларда воситачи давлат сифатида кўрилган. 1948 йилдан 1979 йил – ислом инқилобига қадар Эрон ва Исроил нафақат яқин ҳамкор, балки иттифоқчи бўлиб, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан ҳамкорлик қилган. Хусусан, 1967 йилги «Олти кунлик уруш»дан сўнг бир қатор араб мамлакатлари Исроилга қарши нефт эмбаргоси жорий этганида Исроилга нефт етказиб берган ягона давлат Эрон бўлади.
Шунингдек, расмий Теҳрон Исроил товарлари ва хизматларининг асосий импортчиларидан бири эди. Аммо ўтган асрнинг 70-йилларига келиб минтақада сиёсий вазият ўзгара бошлайди. Ҳар икки томон учун ҳам асосий душман сифатида кўрилган Миср президенти Жамол Абдул Носирнинг ўлимидан кейин Эрон ва Миср ўртасидаги муносабатлар яхшилана бошлайди. 1975 йилда Эрон-Ироқ келишуви имзоланади ва Теҳрон курд айирмачиларига ёрдам беришни тўхтатди. Мазкур икки воқеа Исроилнинг Эрон учун стратегик аҳамиятини пасайтиради. Айни шу даврда Эронда диний кучлар таъсири ортиб бораётган эди.

1979 йилги инқилобдан сўнг вазият кескин ўзгарди. Теҳроннинг янги теократик ҳукмдорлари Исроилнинг қонунийлигини тан олмади. Эрон Исроилни Ғарбнинг минтақадаги иттифоқчиси сифатида кўрди ва унга душман сифатида қараш бошланди. Шунга қарамай, Исроил ва Эрон ўртасидаги чекланган ҳамкорлик 1980-йилларда ҳам давом этди. Фақат 2000-йилларга келиб икки томонлама муносабатларда кескинлик ниҳоятда кучайди. Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажод 2005 йилда «сионистик режим Ер юзидан йўқ қилиниши керак» дея таъкидлаб, ахборот бомбасини портлатди. Расмий Теҳрон Фаластиндаги мусулмонларни қўллаб-қувватлаб, Исроилнинг уларга нисбатан олиб бораётган сиёсатига кескин муносабатда бўлиб келади. Эрон айнан АҚШ ва Исроилни ўзининг энг биринчи даражали душмани деб билади.

















