Ниццадаги қирғоқбўйида юзлаб одамларнинг жабрланишига сабаб бўлган терактдан саккиз йил ўтиб, полиция томонидан отиб ўлдирилган ҳужумчининг икки танишига нисбатан апелляция жараёни бошланди. Париж суди 22 апрел, душанба куни икки асосий айбланувчи – 48 ёшли Муҳаммад Греб ва 44 ёшли Чокри Шафруднинг ишини кўриб чиқишни бошлади, уларнинг ҳар бири биринчи инстанция суди томонидан террористик ташкилот тузгани учун 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Тахминан 2500 киши даъвогар сифатида қатнашяпти

«Жабрланувчилар ҳукмлар тасдиқланиши ёки янада қатъийлаштирилишига умид қилмоқда», деди бир неча даъвогарларнинг вакили бўлган адвокат Оливия Шалю-Пеноше. Тахминан 2500 киши қўшма даъвогар бўлиб, улардан 230 нафари, шу жумладан бир нечта вояга етмаганлар судда чиқиш қилади, деб ёзади AFP. 

Биринчи инстанция судяларининг сўзларига кўра, энг узоқ муддатга ҳукм қилинган ҳар иккала шахс ҳам жиноятчининг радикаллашувидан хабардор бўлган ва террорчилик хуружига тайёргарлик кўришда ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан иштирок этган. Суд улар теракт содир этган шахсга унинг режалари ва радикал қарашларини била туриб, юк машинасини ижарага олиш ва қурол топишга ёрдам бергани ҳолатини исботланган деб топди: бундан телефон суҳбатлари ва ёзишмалар стенограммаси далолат беради. Иккала судланувчи ҳам ўз айбларини тан олмади ва оқланишга эришмоқчи. 

Худди шу иш бўйича 2 йилдан 12 йилгача муддатга ҳукм қилинган қолган олти киши апелляция беришдан бош тортди. Жараённи июн ойининг ўрталарида якунлаш режалаштирилган. 

Ниццадаги қирғоқбўйида оломонга қараб ҳайдалган юк машинаси

2016 йилнинг 14 июлида 19 тонналик юк машинаси Ниццадаги Англия соҳили кўчасида миллий байрам – Бастилияни эгалланган кунни нишонлаш учун йиғилган оломон қараб ҳайдалди. Натижада 86 киши ҳалок бўлди, бир неча юз киши жароҳатланди. Машинани бошқарган тунислик 31 ёшли Муҳаммад Лауайе-Булел полиция томонидан отиб ўлдирилган. Кейинчалик маълум бўлишича, у психологга мурожаат қилган ва ҳужумни бир неча ҳафтада давомида режалаштирган. Судяларнинг айтишича, у иложи борича кўпроқ одамни ўлдирмоқчи бўлган ва шу мақсадда қирғоқ бўйлаб зигзаг тарзида ҳаракатланган.

Ҳужум учун масъулиятни ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олди, бироқ терговчилар у ва ҳайдовчи ўртасида ҳеч қандай алоқани аниқламади ҳамда бундан олдин оиладаги зўравонлик ва майда жиноятлар учун судланган эркак ИШИД таъсирисиз жангари радикалга айланган деган хулосага келди.