Жаҳон | 09:11 / 22.04.2024
5443
3 дақиқада ўқилади

Украина Севастополда Россия флоти кемасига зарба берганини маълум қилди

Украина ҳарбий-денгиз флоти Қримда Россиянинг «Коммуна» қутқарув кемасига ҳужум уюштирганини эълон қилди. У энди топшириқларни бажаришга тайёр эмас, дея тушунтирди Украина денгиз флоти спикери.

Россиянинг «Коммуна» кемаси Фото: Sergei Malgavko/TASS/dpa

Украина Қора денгизда яна бир рус кемасига зарба берилганини эълон қилди. 21 апрел, якшанба куни Украина ҳарбий-денгиз кучлари Қрим портларидан бирида Россиянинг «Коммуна» қутқарув кемасига ҳужум қилди, деб хабар берди Киевдаги мудофаа вазирлиги.

«Коммуна» Қора денгиз флотида фойдаланишда бўлган энг эски кема бўлишига қарамай, у Қора денгизда шундай турдаги ягона қутқарув кемаси эди. Унинг вазифаси - сувости кемалари ва чўкиб кетган юкларни кўтариш», дея таъкидлаб ўтди бошқарма.

Украина ҲДК спикери: «Коммуна» энди вазифаларни бажаришга тайёр эмас

Айни вақтда, Украина Ҳарбий-денгиз кучлари спикери Дмитрий Плетенчук «Украинская правда» нашрига берган интервюсида 21 апрел куни Севастопол портида Россиянинг Қора денгиз флотига ёрдам берувчи «Коммуна» кемаси ёниб кетганини айтди. «Ушбу воқеа Украина Қуролли Кучлари Ҳарбий-денгиз кучларининг бевосита иштирокида содир бўлган. Кемага етказилган зарарнинг моҳияти аниқланмоқда, аммо дастлабки маълумотларга кўра, кема энди ўз вазифаларини бажаришга тайёр эмас», деди у. Плетенчукнинг сўзларига кўра, кема жанговар кема эмас, у Қора денгиз флотига хизмат кўрсатган. Бошқа нарсалар қаторида, у Қора денгиз флотининг флагмани - «Москва» ракета крейсери чўкиб кетган жойни текширишда иштирок этган.

Аввалроқ Россия давлат матбуоти Севастополда эрталаб портлашлар содир бўлгани ҳақида хабар берган, кейин эса Қрим расмийлари кемага ракета ҳужуми уюштирилгани ҳақида маълум қилганди. «Эрталаб шимолий томондаги кемалардан бирида ҳарбийлар кемага қарши ракетанинг ҳужумини қайтарди, унинг парчалари кичик ёнғинга сабаб бўлди ва у тезда ўчирилди», деб ёзди «губернатор» Михаил Развожаев Telegram’да. 

Украина армияси узоқ ойлардан бери Россия ҳарбий кемаларига муваффақиятли ҳужумлар уюштирмоқда. Хусусан, март ойида Украинанинг Magura V5 денгиз учувчисиз учоқлари Украина ҳудудий сувларида Керч бўғози яқинида жойлашган Россиянинг «Сергей Котов» патрул кемасига бориб урилган. Ўша ойнинг охирида Россиянинг «Ямал» ва «Азов» десант кемалари Севастополга ҳужум пайтида аниқ нишонга олинди. Феврал ойида «Цезарь Куников» катта десант кемаси ва «Ивановец» ракета катерига ҳужум содир бўлган.

Мавзуга оид