РФ Тергов қўмитаси 23 апрел куни кечқурун РФ мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов қўлга олингани ҳақида хабар берди. Унга нисбатан ўта йирик миқдордаги, яъни камида бир миллион рубл пора олиш (ЖК 290-модда, 6-қисми) моддаси бўйича тергов олиб борилмоқда. Тергов қўмитаси иш тафсилотларини келтирмаган. «Тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — деган ТҚ расмий вакили Светлана Петренко.
Иванов айнан қачон ушлангани ҳозирча маълум эмас. 23 апрел куни кундузи у мудофаа вазирлигининг Сергей Шойгу раҳбарлигидаги ҳайъат йиғилишида қатнашганди, деб ёзган РБК. «Интерфакс» ҳуқуқ-тартибот органларига асосланиб хабар беришича, тергов Ивановни ҳибсга олишни сўраб судга мурожаат этган. ТАСС хабарига кўра, Шойгунинг ўринбосари 15 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
«112» телеграм-канали тасдиқлашича, тезкор ходимлар Ивановнинг Доғистондаги дала ҳовлисида тергов тадбирлари ўтказишган. «ВЧК-ОГПУ» телеграм-каналининг тасдиқланмаган маълумотларига кўра, Иванов билан яна уч киши қўлга олинган. 23 апрел куни кечқурун «Коммерсант» ФХХ ходимлари Ивановни тергов қўмитаси марказий аппарати терговчилари олиб кетишганини хабар қилди. Тунни Иванов вақтинча сақлаш изоляторида ўтказган.
РФ президенти Владимир Путинга мудофаа вазири ўринбосари қўлга олингани тўғрисида хабар етказилди, деган журналистларга президент матбуот котиби Дмитрий Песков. «Шунингдек мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳам олдиндан хабардор қилинган», — деган Песков. РФ мудофаа вазирлиги ҳозирча бу ҳодиса юзасидан муносабат билдирмади.
Тимур Иванов — Сергей Шойгу жамоасидаги одамлардан бўлган. Иванов мудофаа вазири ўринбосари лавозимида 2016 йилдан буён ишлаб келаётганди, ундан олдин уч йил мобайнида мудофаа вазирлигига қарашли «Оборонстрой» компаниясини бошқарган, шунингдек Шойгу Москва областиига раҳбарлик қилганида регион ҳокимиятида ишлаган. Иванов мудофаа вазири ўринбосари лавозимида вазирлик объектлари ҳамда ҳарбий ипотека объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларини назорат қилган, шунингдек РФ қуролли кучлари учун уй-жой ва тиббий ёрдамни ташкил этиш, мулкни бошқариш ва қўшинларни жойлаштиришга маъсул бўлган.
Иванов барча йирик ҳарбий қурилишларга раҳбарлик қилган, жумладан Россия қуролли кучларининг бош ибодатхонаси, Москва яқинидаги «Патриот» боғи, Камчаткадаги сувости кемалари базалари ва «Восточний» космодроми унинг раҳбарлигида қурилган. Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан кейин у оккупация қилинган Мариуполни тиклаш бўйича лойиҳаларга жавобгар бўлган, деб ёзади Михаил Ходорковскийнинг «Досье» проекти.
















