Инвестор “Дўстлик” боғида ўнга яқин аттракционлар, Абдулла Қодирий боғида эса ресторанлар қурмоқчи.

“Дўстлик” боғида шовқин-суронли аттракционлар ва бошқа қурилишлар бўлишига қарши чиқаётган аҳоли вакиллари петиция тайёрлаб, имзо тўплашни бошлаб юборган.

“Ҳозирги парк бизга маъқул. У тинч ва сокин, майсада ётсанг ҳам бўлади, болалар бехавотир дам олиб, самокат учиши мумкин, – деган Gazeta.uz билан суҳбатда яккасаройлик Аида. — Бизга мусиқий фаввора ва муз майдончасининг мутлақо кераги йўқ, чунки бу ердан унча узоқ бўлмаган жойда бошқа кўнгилочар парклар бор. Афсуски, бу ерда шундоқ ҳам уйлар қуриб ётишибди, қурилишлар боғимизни қуршаб оляпти. Тақдимотнинг ўзидан кўриниб турибдики, биз камида 30 фоиз дарахтдан айриламиз. Агар давлат ёрдам бермоқчи бўлса, суғориш учун пул ажратсин, чунки орада ўзимиз челакда сув ташиб, дарахтларга қуйдик”.

Davletovuz Telegram-канали муаллифи ҳозиргидек оғир экологик шароитда ижтимоий неъмат бўлмиш боғлар хусусийлаштирилмаслиги, хусусий қўлларга турли номлар остида берилмаслиги кераклигини айтди.

“Агар ташландиқ бўлиб қолган бўлса, унинг ечими хусусий секторга беришда эмас. Атайин қаровсиз қолдириб, молиявий ресурс ажратмасдан ташландиқ ҳолга келтириб, кўзни шамғалат қилишдан бошқа нарса эмас бу. Баландпарвоз ваъдаларга ишонмаслик лозим”, – дея ёзди блогер.

Davletovuz канали айни шу инвесторга берилган Ғафур Ғулом парки “бошдан-охир тадбиркорга пул келтирадиган тижорат масканига” айланганидан ёзғирган. “Ҳар бир қаричида пул келтирадиган матоҳлар ўрнатилган. Халқ ҳатто у ердаги дарахтлар соясидан ҳам қарийб мосуво бўлиб улгурган. Халққа тўртта-бешта скамейка, 300-400 метр пиёда юришдан бошқа бепул ҳеч нарса қолмаган”, – дейди жамоатчилик фаоли.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ҳам боғларнинг инвесторларга берилишини қоралаб чиқди. У боғлар халққа қайтарилиши кераклигини айтиб, “шаҳарнинг ўпкаси бўлган боғлар тақдирини хавф остида қолдириш жиноят билан тенг” деган фикрни билдирди.