Ўзбекистон терма жамоаси 18 ёшгача бўлган хоккейчилар ўртасида ўтказилган Осиё ва Океания чемпионатида ғалаба қозонди.
Тошкентдаги «Ҳумо» ва Самарқанд муз саройлари мезбонлик қилган турнир финалида ёш хоккейчилар Таиланд устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, бош совринни қўлга киритди.
Бош мураббий Абдумажид Носиров шогирдлари мусобақанинг барча ўйинида ғалаба қозонди. Жумладан, гуруҳ босқичида Эрон 19:0, Малайзия 29:0, Кувайт 17:0, Таиланд 7:5 ҳисобида доғда қолдирилди. Яримфиналда БАА 12:0 ҳисобида мағлуб этилди.
Учинчи ўрин учун баҳсда Мўғулистон хоккейчилари БАА устидан 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Бу ўзбекистонлик хоккейчиларнинг иккинчи шундай ютуғидир. 2023 йилда Мўғулистонда ўтказилган Осиё ва Океания (U18) чемпионатида ҳам Ўзбекистон ғалаба қозонган эди.











