Тошкентда халқаро инвестиция форуми иш бошлади
Бугун Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бошланди.
Унда сўзга чиққан Ўзбекистон президенти давлат бозор муносабатларини ривожлантиришни, инвесторлар ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришни, ҳалол рақобат учун янада кенг шарт-шароитлар яратишни, хусусий мулк дахлсизлиги ва суд тизимининг мустақиллиги таъминланишини ўз зиммасига олишини маълум қилди.
“Бизнинг асосий мақсадимиз — Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантиришдир”, — деди президент Шавкат Мирзиёев.
Президент форумда қилган чиқиши чоғида хорижий сармоядорлар акциялардан олинаётган дивидендлар бўйича солиқлардан 3 йилга озод этилиши, уларга ерни ижарага бериш 25 йилдан 49 йилгача узайтирилишини ваъда қилди.
Ўзбекистонда яшил энергетика ривожлантирилади
Ўзбекистон энергетика балансида қайта тикланувчи энергия қувватлари улушини 40 фоизга етказмоқчи.
Мамлакат 2030 йилгача 20 гигаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватларини яратиш ва энергетика балансида унинг улушини 40 фоизга етказишни мақсад қилган.
Бу ҳақда Тошкент халқаро инвестиция форумида чиқиш қилган Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди.
«Энергетика тармоғи самарадорлигини ошириш бутун минтақа учун долзарбдир. Бу борада мамлакатда 28 та лойиҳа устида ишлар давом эттирилмоқда. Ўзбекистон 2030 йилгача 20 гигаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватларини яратиш ва энергетика балансида унинг улушини 40 фоизга етказишни мақсад қилган», — деди президент.














