Ўзбекистон ҳукумати яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган режаларни ишлаб чиқди. Бу режалар қаторига киритилган, Солиқ қўмитасига қўшимча ваколатлар бериш ҳақидаги нормалар жамоатчилик эътирозларига сабаб бўляпти. Тегишли қарор лойиҳаси танқидлардан кейин очиқ муҳокамага қўйиладиган бўлди.

Kun.uz бу лойиҳанинг аксарият бандларига қарши чиққан Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши аъзолари – солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов ва тадбиркор Фахриддин Илёсов билан суҳбатлашиб, эътирозлар нимадан иборат бўлаётганига қизиқди.

— Лойиҳага кўра, нақд пулдаги тўловлар учун кешбэк қайтарилмаслиги таклиф қилиняпти. Агар бу норма кучга кирса, жисмоний шахслар дўконларда, хизмат кўрсатиш объектлари ва умумий овқатланиш жойларида фақат карта орқали тўлов қилгандагина 1 фоиз кешбэк қайтарилади. Бу борада фикрингиз қандай?

Мурод Муҳаммаджонов: — Кешбэк жорий қилинишининг ўзи яширин иқтисодиётга қарши кураш учун эди, энди айни шу мақсадда кешбэк бекор қилиняпти – қайси бири тўғри, олдингиси тўғрими, бунисими, деган масала бор. Нақд пулга кешбэк берилмаслиги хоҳлаганча нақд пулга савдо қилиб, чек берилмаса ҳам бўлади, деган нарсага айланиб кетиши ҳам мумкин. Бир хил бўлиши керак, савдо қилдими, кешбэк бериши ёки бермаслиги керак. Унисига бериб, бунисига бермаслик адолатдан бўлмайди деб ўйлайман. Солиқ маслаҳатчиси сифатида бюджет нуқтаи назаридан айтсам, кешбэк – катта масала эмас, қарор лойиҳасида бундан муҳимроқ бошқа жиҳатлар бор. Каттароқ масалалар кўрилиб, кешбэк масаласига қаралмади ҳам ўзи.

Фахриддин Илёсов: — Кешбэк масаласини яширин иқтисодиётдан чиқиш йўли сифатида қабул қиладиган бўлсак, бундан кейин нақд пулда тўлаётган одам QR-кодли чек сўрамайди.

Мурод Муҳаммаджонов: — Кешбэкни 50 фоиз қилиб қўйган тақдирда ҳам тадбиркорга эркин ишлаш шароити яратилмаса, яширин иқтисодиётни қисқартириб бўлмайди. Дейлик, бир оддий стаканнинг қайсидир коди дастали стакан кодига алмашиб кетса ва унга дарров жарима соламан деса, тадбиркор нақд пулга, беркитиб сотишни танлайди. Тадбиркорга эркинлик берилмаса, 50-100 фоизлик кешбэк ҳам рол ўйнамай қолади.