Иқтисодиёт | 10:42 / 09.05.2024
5040
2 дақиқада ўқилади

Acwa Power Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги энг йирик шамол энергетикаси лойиҳаси бўйича шартнома тузди

Оролбўйи минтақасида ушбу лойиҳа беш босқичда амалга оширилади ва йилига 18,5 минг ГВт соатга яқин тоза энергия ишлаб чиқаради. 

Фото: "Дунё" АА

Саудия Арабистонининг Index Economic электрон нашри Acwa Power компанияси Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги энг йирик шамол энергетикаси лойиҳасини ривожлантириш бўйича шартнома тузганини маълум қилди, деб хабар бермоқда "Дунё". 

Нашрда қайд этилишича, Acwa Power компанияси ва "Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари" АЖ ўртасида Қорақалпоғистон Республикасида ишлаб чиқариш қуввати 5 ГВтгача бўлган Марказий Осиёдаги энг йирик шамол электр станцияси учун электр энергиясини сотиб олиш бўйича шартнома имзоланган.

"Битимни имзолаш тадбири учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида, Acwa Power компанияси томонидан Ўзбекистонда ишга туширилаётган иккита лойиҳанинг очилиш маросими доирасида бўлиб ўтди. Бу Acwa Power компаниясининг Ўзбекистонда амалга ошираётган портфелидаги 15 та лойиҳадан бири ҳисобланади", — дея қайд этган манба.

Оролбўйи минтақасида ушбу лойиҳа беш босқичда амалга оширилади ва йилига 18,5 минг ГВт соатга яқин тоза энергия ишлаб чиқаради. Бу эса Ўзбекистоннинг тоза энергияга ўтиш стратегиясига эришиш йўлидаги муҳим қадамдир. Бундан ташқари, лойиҳа юзлаб тўғридан тўғри ва билвосита иш ўринларини яратиш, шунингдек, хизматлар ва таъминотни маҳаллийлаштириш орқали маҳаллий саноатни рағбатлантиришга ҳисса қўшиши кутилмоқда.

"Ўзбекистон Саудия Арабистонидан ташқарида Acwa Power’нинг инвестиция портфелидаги иккинчи йирик давлат ҳисобланади. Ушбу лойиҳа билан унинг мамлакатга киритган жами сармояси 13,9 миллиард долларни ташкил этмоқда", — дея таъкидлаган Index Economic.

Мавзуга оид