Владимир Путин Сергей Шойгуни РФ Хавфсизлик кенгаши раҳбари лавозимига тайинлаш тўғрисидаги фармонини имзолади.
2008 йил майидан буён ушбу лавозимни эгаллаб келган Николай Патрушев эса «бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан» лавозимдан озод этилган. Кремлдагилар Патрушевнинг янги лавозими ҳақида «яқин вақтлар ичида маълумот берилиши»ни ваъда қилган.
1994-2012 йилларда Фавқулодда вазиятлар вазири, 2012 йил майидан ноябр ойига қадар Москва области раҳбари бўлган Сергей Шойгу сўнгги 12 йилга яқин вақт давомида Россия ҳарбий вазирлигини бошқариб келаётганди.
Владимир Путин мудофаа вазирлиги раҳбарлигига Андрей Белоусов номзодини таклиф этган, у РФ вазирлар маҳкамасидан истеъфога чиқарилгунича бош вазирнинг биринчи ўринбосари эди. Унинг номзоди 13-14 май кунлари Федерация кенгашида кўриб чиқилади.

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маҳаллий журналистлар билан мулоқотда ҳарбий идорада ўзгаришларни шарҳлар экан, Белоусовнинг тайинланиши «координаталар тизими»ни ўзгартирмаслигини айтган.
«Ҳарбий жиҳатига келсак, бу тайинлов амалдаги координаталар тизимини ҳеч қандай тарзда ўзгартирмайди, ҳарбий компонент ҳар доим бош штаб бошлиғининг ваколати бўлиб келган, у ўз фаолиятини давом эттиради, бу борада ҳозирча ҳеч қандай ўзгаришлар назарда тутилмаган», — дея Кремл вакилининг сўзларидан иқтибос келтирган «Интерфакс».
У шунингдек Шойгу Хавфсизлик кенгаши котиби лавозими билан бир вақтда Путиннинг Ҳарбий-саноат комиссиясидаги ўринбосари ҳисобланади ва Ҳарбий-техник таъминот бўйича федерал хизмат (ФСВТС) фаолиятини назорат қилади. «Сиз аллақачон биласиз — бу ҳақда аввалроқ хабар қилинганди, —федерал хизмат мудофаа вазирлигидан президент ҳузурига ўтказилмоқда. Ва унинг фаолиятини ҳам Сергей Шойгу бошқаради ва назорат қилади», — дея изоҳлаган Кремл расмийси.
Песковнинг сўзларига кўра, Шойгу «ўзи яхши биладиган, ичкаридан жуда яхши биладиган бу соҳада ҳамкасблари ва аввалги иш жойидаги ҳамкорлари билан ишлашда» давом этади. Путиннинг матбуот котиби Шойгу Ҳарбий-саноат комиссиясига тайинланганини шарҳларкан, Шойгу «бу иш билан чуқур шуғуллангани, у муайян корхоналарда ҳарбий-саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш суръатларини жуда яхши билиши ва бу корхоналарга тез-тез ташриф буюргани»ни қайд этган.
Ўз навбатида, Россия ҳарбий идорасидаги иккинчи шахс, РФ қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов лавозимини сақлаб қолган.















