Жаҳон | 09:16 / 14.05.2024
4482
4 дақиқада ўқилади

Украина Россиянинг ҳужуми туфайли «Харкив» қўшинлар гуруҳи қўмондонини алмаштирди

«Херсон» гуруҳининг собиқ раҳбари Михаил Драпатий «Харкив» қўшинлар гуруҳи янги қўмондони этиб тайинланди. Украина оммавий ахборот воситаларининг қайд этишича, у Украина Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи ўринбосари лавозимини эгаллашда давом этади.

Михаил Драпатий Фото: Украина Қуролли кучлари

Ўтган ҳафта Россия қўшинларининг Харкив вилоятида бошланган ҳужуми фонида Украина Қуролли кучлари (УҚК) раҳбарияти «Харкив» тезкор-тактик қўшинлар гуруҳи (ТТҚГ) қўмондонини алмаштирди: Бир ой олдин тайинланган Юрий Галушкин ўрнини Украина Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи ўринбосари Михаил Драпатий эгаллади. Бу ҳақда 13 май, душанба куни «РБК-Украина» агентлиги «Хортица» давлат телерадиокомпаниясидаги ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Украина оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, «Харкив» ТТҚГ раҳбарияти ўзгариши 11 май куни кузатилди. Қайд этилишича, Драпатий Украина Қуролли кучлари Бош штабидаги вазифаларини бажаришда давом этади. Унинг тайинлови хабар чиқарилган пайтда расман эълон қилинмаган эди.

«Харкив» ТТҚГ ва унинг қўмондони 

«Харкив» ТТҚГ - Украина Қуролли кучлари Қуруқликдаги қўшинлари бирлашмаси, «Хортица» ТТҚГ таркибига киради, 2022 йилда Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли ҳужуми пайтида яратилган. «Харкив» мудофаанинг Слобожанский йўналиши учун жавобгардир. 2024 йил апрел ойи бошида «Харкив» ТТҚГ қўмондони лавозимини бу позицияда Андрей Грицковни алмаштирган генерал Юрий Галушкин эгаллади, деб хабар тарқади «РБК-Украина» Харкив вилояти ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) бошлиғи ўринбосари Роман Семенухага таяниб.

41 ёшли Михаил Драпатий 2014 йил май ойида Мариуполга айирмачиларнинг ҳужумини қайтарган бўлинмаларни кучайтириш учун кирган 72-алоҳида механизациялашган бригаданинг 2-механизациялашган батальони собиқ қўмондони. 2019 йил апрел ойида Драпатийга муддатидан олдин полковник унвони берилди. 2024 йил январигача у «Херсон» оператив гуруҳини бошқарган. 2022 йилда Херсон вилоятининг ўнг қирғоғини озод қилишга раҳбарлик қилган қўмондонлардан бири сифатида танилган. У 2024 йил феврал ойида Украина Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг тайёргарлик бўйича ўринбосари этиб тайинланган.

Украина Вовчанск учун жангларда Россиянинг тактик муваффақиятини эълон қилди

Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, Россия қўшинлари Харкив йўналишидаги чегарада Вовчанск шаҳри учун олиб борилган жангларда тактик муваффақиятга эришган. «Душман шаҳарга ҳужум қилиш учун бештагача батальондан иборат муҳим кучларни жойлаштирди ва йўқотишларни ҳисобга олмаяпти», — дея маълумот берди Украина Бош штаби 13 майга ўтар кечаси. Баёнотда, шунингдек, Харкив йўналишидаги оператив вазият ҳали ҳам мураккаблиги ва динамик равишда ўзгариб бораётгани қайд этилган. 

Аввалроқ Украинанинг Deep State Telegram-канали «Харкив вилоятидаги чегара аҳоли пунктлари, хусусан, Вовчанск шаҳри турли хил воситалар билан кучли ўққа тутилгани» ҳақида хабар берган эди. Ўз навбатида, Reuters агентлиги 10 май куни Украинанинг юқори мартабали ҳарбий амалдорига таяниб, Россия армияси Вовчанск ҳудудида тахминан 1 км илгарилаб кетгани ва Россия Қуролли кучларининг мақсади душманни 10 км орқага суриб ташлаш эканини ёзган. 10 май куни Украина ОАВ Вовчанск шаҳар ҳарбий маъмурияти раиси Тамаз Гамбарашвилига таяниб, «Харкив вилоятининг Вовчанск шаҳри ва унинг атрофидаги аҳоли пунктларидан аҳоли эвакуация қилинаётгани» ҳақида ёзди. 

Мавзуга оид