Мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрининг марказида жойлашган Тошкент халқаро университети ўз талабаларига замонавий ва инновацион технологияларга асосланган, халқаро таълим стандартларига мос келувчи ўқув дастурлар орқали таълим бериб, уларни нафақат мамалакатимизнинг, балки дунёнинг турли жабҳалари талабларига жавоб берадиган рақобатдош ва малакали мутахассис кадрлар тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Университет кундузги, масофавий-сиртқи таълим шакллари ҳамда магистратура мутахассисликлари бўйича малакали кадрлар тайёрлайди. Таълим бериш жараёнлари HEMIS ахборот тизими асосида ва кредит-модуль тизими орқали амалга оширилиб, университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган, белгиланган намунадаги диплом берилади.

Тошкент халқаро университети дунёнинг кўплаб нуфузли университетлари, шу жумладан АҚШ, Европа, Туркия, Жанубий Корея университетлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, талабаларга икки дипломга эга бўлиш бўйича, талабалар алмашинув ва 1+3, 2+2, 3+1 дастурларида таълим олиш ҳамда халқаро тажриба орттириш имкониятларини яратувчи қатор ишларни амалга оширмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Тошкент халқаро университети” дунёнинг кучли 500 талигидан ўрин олган олий таълим муассасалари билан халқаро ҳамкорлик меморандумларини имзолаган. 

Тошкент халқаро университети ректори Др. Жун Ёнг Вук Массачусетс технологиялар институтида (МИТ) докторлик унвонини олган, ҳозирги кунда Сеул миллий университети профессори ҳисобланади. У Жанубий Кореянинг нуфузли олий таълим муассасаларида раҳбар лавозимларида фаолият олиб борган.