"Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг ўринбосари, БМТнинг Аксилтеррор бошқармаси бошлиғи Владимир Воронков жаноблари билан учрашишдан мамнунмиз", – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг Telegram-каналида.
Тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ҳамкорлик, бугунги динамика, нафақат минтақада, балки глобал миқёсда мавжуд ва келажакдаги чақириқларга самарали ечимларни топиш масалалари муҳокама қилинди.
Қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Марказий Осиё минтақавий экспертлар кенгаши биринчи йиғилишининг муваффақиятли натижалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон билан БМТнинг Аксилтеррор бошқармаси ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича "Йўл харитаси" ҳам имзоланди.
Владимир Воронков бошчилигидаги делегация Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Қуролли можаро зоналаридан қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Марказий Осиё минтақавий экспертлар кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этди. Анжуманда, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари, халқаро ташкилотлар – БМТ ва ЕХҲТнинг юқори мартабали мансабдор шахслари ва етакчи мутахассислар қатнашди.















