22:25 / 25.05.2024
16576

Йўлларда ўлаётган болалар ва газ ўғриларига ҳукм — ҳафта дайжести

Ўзбекистон яна ташқаридан қарз олди – бу сафар бирданига учта валютада. Собиқ МХХ биносининг ҳовлисидаги ўнлаб катта эманлар шаҳар ташқарисига чиқариб ташланди. Қозоғистонда ишлари юришмаётган UzAuto Motors режаларини ўзгартириши мумкин. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Ўзбекистоннинг янги суверен облигациялари

Йилнинг биринчи чорагини 1,5 млрд долларлик бюджет дефицити билан якунлаган Ўзбекистон ҳукумати жорий ҳафта худди шунча миқдорда ташқи қарз олди. Сешанба куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги илк марта учта валютада – сўм, доллар ва еврода умумий қиймати қарийб 1,5 млрд долларлик навбатдаги суверен евробондларни чиқарди.

6,9 фоиз ставкада чиқарилган 600 млн долларлик қарз пакети 7 йил муддатга, евро ва сўмдаги қарзлар эса 3 йил муддатга олинди. Бу пуллар бюджет дефицитини қоплашга ва барқарор ривожланиш мақсадларига йўналтирилади. Вазирлик қарзларнинг барқарор ривожланиш мақсадларига сарфланадиган 600 млн евролик қисми қаерга ишлатилгани бўйича келгусида ҳисобот беришни ваъда қилди.

Ўзбекистон Республикаси номидан олинган қарзлар билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида олинган қарзлар миқдори ҳам ошиб боряпти. Статистика агентлигининг шу ҳафта маълум қилишича, йилнинг биринчи чорагида давлат кафолати остида олинган хорижий кредитлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан салкам 3 баробарга ошиб, қарийб 400 млн долларга етган.

Маълумот учун, 2024 йил 1 январ ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи салкам 30 млрд долларга етган эди. Бу – бир йил олдингига қараганда 14 фоизга кўп. Қарзларнинг аксарияти 10 йилдан кўпроқ муддатга олинган. Эслатиб ўтамиз, ҳукумат бу йил жами 5 млрд долларгача ташқи қарз олишни режа қилган.

Нефт активлари қанчага сотилган?

Ўзбекистонликлар ўзларига тегишли бўлган нефт соҳасидаги бир қатор активлар тахминан қанча нархга сотилганини билиб олди. Ҳукуматнинг иккинчи чорак учун инвестиция дастуридан маълум бўлишича, “Ўзбекнефтгаз”га тегишли Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи, бензин шохобчалари ва нефт конларидаги ускуналар жами бўлиб 70 млн долларга баҳоланган. Улар айнан шу нархга сотилганми, агар шундай бўлса, ҳар битта активнинг нархи қанча бўлган – бу борадаги саволлар очиқ қоляпти. Чунки бу хусусийлаштириш жараёнлари ҳақида расмийлар маълумот бермай келмоқда.

Ҳукумат қарорида бу активлар Petroleum Technology Group ва Saneg компанияларига сотилиши кўрсатилган. Собиқ ташқи ишлар вазири Абдулализ Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловга қарашли Petroleum Technology Group компанияси UNG Petro шохобчалари ва Чиноздаги нефт заводининг эгасига айлангани жамоатчиликка март ойи бошида маълум бўлганди.

“Саноат энергетика гуруҳи” билан боғлиқ ҳолатда эса айнан қайси нефт конларидаги қанақа ускуналар ҳақида гап кетаётгани аниқ эмас. Аввалига давлат иштирокида тузилган, кейинчалик тўлиқ хусусийга айланган бу компания Ўзбекистонда нефт қазиб олишнинг 80 фоиздан ортиғини таъминлайдиган юздан ортиқ нефт конларини бошқаради. Гуруҳ 2022 йил май ойида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг 100 фоиз улушини хусусийлаштириб олган, лекин номаълум сабабларга кўра заводнинг 58,5 фоиз улуши ҳозирда давлат ихтиёрида.

МХХ ҳовлисидаги дарахтлар – аут

Ҳафта давомида хусусийлаштирилган объектлардан яна бири жамоатчилик эътиборини тортди. Тошкент марказида, собиқ Миллий хавфсизлик хизмати биноси ҳовлисидаги азим дарахтлар шаҳар ташқарисига чиқариб юборилди.

Аввалига интернетда йирик дарахтлар кесилиб, яширинча олиб чиқиб кетилаётгани ҳақида видео тарқалди, шунга кўра Экологик партия Бош прокуратурага ҳолат бўйича зудлик билан чора кўришни сўради. Шундан кейин шаҳар экология бошқармаси дарахтлар кесилмаётгани, балки кўчирилаётганини билдирди, лекин бу кўчириш учун рухсат олингани ёки йўқлигига аниқлик киритимади. Кейинроқ экобошқарма бўлим бошлиғи Турсунпўлат Эгамов дарахтларни кўчириш учун рухсат олинмаганини Kun.uz'га тасдиқлади. Лекин бу берухсат кўчирганлик учун жавобгарлик масаласи негадир очиқ қоляпти.

Шу тариқа, бу ердаги 26 туп эман дарахти Қибрай тумани Мирзо Улуғбек шаҳарчасига олиб кетилди. Жараёнга масъул компания кўчирилган дарахтлар 3 йил давомида яхшилаб парвариш қилиниши ва улар янги жойда “тўлиқ яшаб кетиши”га ваъда берди. Лекин таъкидлаш керакки, дарахтларнинг белгиланган тартиб бўйича кўчирилиши ва парвариш қилиниши уларнинг яшаб кетишини кафолатлай олмайди. Кўчирилган дарахт қуриб қолган тақдирда, қонунчиликда бунинг учун ҳеч қанақа жавобгарлик йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Сайилгоҳ кўчасида жойлашган 2,2 гектарлик бу ҳудуд юқорида тилга олганимиз собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловнинг бошқа бир компаниясига тегишли. Бу ерда 22 қаватли ҳашаматли меҳмонхона қуриши эълон қилинган. Шу мақсадда МХХ биноси бир йил олдин бузиб ташланган эди.

Болалар билан тўла боғчалар – “бўш турган объект”ми?

Сўнгги кунларнинг муҳим ижтимоий мавзуларидан навбатдагиси ҳам хусусийлаштириш билан боғлиқ. Ўзбекистон бўйлаб боғча, мактаб ва шифохоналар етишмай турган бир пайтда, давлат активларини сотиш бўйича тасдиқланган янги дастурга ижтимоий соҳа объектлари ҳам қўшиб юборилгани муҳокамаларга сабаб бўляпти. Kun.uz'га мурожаат қилган қашқадарёлик ота-оналарнинг сўзларига кўра, уларнинг фарзандлари борадиган боғчалар “бўш турган объект” сифатида сотиладиган активлар қаторига қўшиб юборилган.

Гап “Шўртан” газ-кимё мажмуаси тасарруфидаги тўртта “Эркатой” боғчалари ҳақида кетяпти. Жами 700 ўринли бу муассасалар ҳозир юзлаб болаларни ўзида жамлаган. “Боғчалар сотилса, болаларимиз кўчада қоладими?” деди мурожаатчи ота-оналар. Уларнинг эътирозлари Kun.uz'да ёритилгач, Давлат активларини бошқариш агентлиги Қашқадарёдаги тўртта “Эркатой” боғчалари ҳозирча сотилмаслиги, уларнинг узлуксиз ишлаши бўйича аниқ чоралар ишлаб чиқилишини маълум қилди. Лекин қандай қилиб болалар билан тўла боғчалар “бўш турган объект” деб дастурга кириб қолганига изоҳ берилмади.

Ҳолатга муносабат билдирган жамоатчилик фаоли Қобил Хидиров ижтимоий объектларни хусусийлаштиришга мораторий эълон қилишга чақирди. Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра эса, боғчалар, мактаблар, университетлар ва шифохоналарга тегишли объектлар ва уларнинг ҳудудларини сотишни қонун билан тақиқлаш керак. Унинг айтишича, янги хусусийлаштириш дастури асосида Андижон вилоятида сотувга қўйилган 90 та объектнинг 47 тасини таълим, тиббиёт каби ижтимоий соҳаларга оид объектлар ташкил этади.

Lacetti учун яна шартнома очиладими?

Chevrolet Lacetti'дан воз кечиш “Ўзавтосаноат” учун осон бўлмаётганга ўхшайди. Компания Lacetti ишлаб чиқаришни 2024 йилдан бутунлай тўхтатишини эълон қилган бўлса-да, расмий статистикага кўра, 2024 йилнинг дастлабки тўрт ойида 11 мингга яқин Gentra ишлаб чиқарган. 21 май куни компания бу моделни етказиб бериш бўйича 3200 та шартнома тузганини маълум қилди.

“Ўзавтосаноат” матбуот хизматининг изоҳлашича, Gentra учун керак бўладиган эҳтиёт қисмлари ҳали ҳам бор, бу эса ишлаб чиқаришни давом эттиришга имконият беряпти. Бу қачонгача давом этиши маълум эмас, лекин шуниси аниқки, Gentra конвейердан бирданига олинмайди. “Яқин 7 кун ичида харидорларга яна шартнома берилиш-берилмаслиги ойдинлашади”, деди Kun.uz билан суҳбатда компания вакили.

Айни пайтда UzAuto Motors Cobalt-2 автомобилини сотувга чиқариш масаласини кўриб чиқяпти. Янгиланган версия учун шартнома тузиш келаси йилдан бошланиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, компания Cobalt-2 ишлаб чиқаришни 2019 йилдан бошламоқчи бўлган, лекин бу режасини бекор қилганди. Ўшанда бу “эски моделлар ортидан қувмаслик” нияти билан изоҳланган эди.

Cobalt охирги пайтларда Қозоғистон бозорида энг кўп сотилаётган автомобиллар қаторидан тушиб қолди. Январ-апрел ойларида Қозоғистонда Chevrolet бренди остида 4800 та автомобил сотилган, бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 баробарга кам. Бу эса UzAuto Motors асосий экспорт бозори бўлган Қозоғистонда рақобатни бой бераётганидан дарак беради. Ҳозир қўшни мамлакатда энг кўп сотилаётган автомобиллар рейтингида юқори ўринлар Hyundai ва Kia'дан ортмаяпти.

Пиёдалар йўлагида ўлаётган пиёдалар

Мудҳиш йўл-транспорт ҳодисалари – ўзбек медиамаконида энг кўп тарқаладиган хабарлар қаторида туради. Лекин охирги бир ҳафта пиёдалар учун айниқса фожиали тарзда ўтди. Ҳали у, ҳали бу ҳудудда светофордан ёки пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган болаларни машина босиб кетгани ҳақидаги хабарлар серияли кўринишга келиб қолди.

Дастлаб Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида юк машинаси пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган болалардан бирини уриб юборди. 2-синф ўқувчиси воқеа жойидаёқ жон берган. Ҳодиса видеосига қараганда, бир гуруҳ мактаб ўқувчилари пиёдалар йўлагидан ўтмоқчи бўлганида, Nexia тўхтаб уларга йўл берган, болалар юра бошлагач иккинчи қатордан катта тезликда келган юк машинаси улардан бирини уриб кетган, қолганлари эса бахтли тасодиф туфайли омон қолган.

Гуруҳ бўлиб йўлдан ўтаётган болаларни машина босиб кетиши кўп ўтмай Сурхондарёнинг Музработ туманида ҳам рўй берди. Бу ерда Cobalt ҳайдовчиси светофорнинг қизил чироғида ўтиб кетиб, йўлни кесиб ўтаётган уч нафар болани уриб юборди. Натижада 12 ёшли бола шифохонада жон берди, қолган икки бола эса бир ўлимдан қолди – улар жиддий жароҳат олмаган. Интернетда тарқалган видеода Cobalt катта тезликда ҳаракатлангани, авариядан кейин ҳайдовчи болаларга ёрдам бериш ўрнига қочиб кетганини кўриш мумкин.

Самарқандда эса йўлни пиёдалар ўтиш жойидан кесиб ўтаётган талаба автоҳалокат қурбони бўлди. СамДУнинг 4-курсида ўқиётган йигитни Талабалар хиёбони кўчасида, пиёдалар йўлакчасида Nexia-2 уриб кетган, натижада у шифохонада вафот этган. Ижтимоий тармоқларда талаба йигит кўча пойгасининг қурбони бўлгани айтиляпти.

Шундан кейин навбатдаги мудҳиш ҳодиса Жиззахда содир бўлди. Шаҳарнинг Шароф Рашидов шохкўчасида пиёдалар йўлагидан ўтаётган 48 ёшли аёлни катта тезликда келган тез тиббий ёрдам машинаси уриб кетган. Аёл оғир тан жароҳатлари билан жонлантириш бўлимига ётқизилган. Ҳодиса видеосидан кўринишича, пиёдалар йўлакчасини аёл билан бирга бир қиз ҳам кесиб ўтаётган бўлган ва унинг кўз ўнгида, ундан саноқли сантиметрлар масофада ҳаёти давомидаги эҳтимол энг даҳшатли авария рўй берган.

Бундай ҳодисалар кунда-кунора содир бўлиб, Ўзбекистон йўллари борган сари хавфлироқ бўлиб бораркан, ҳар бир фуқаро ўзи ва яқинлари, айниқса болаларининг хавфсизлигини энг аввало ўзи ўйлаши керак. Чунки тизимли ечимлар бериши керак бўлган идоралар, энг элементар ечимларни ҳам йилларга чўзиб, бу ечимларга ўз манфаатини тиқиштириб, пайсалга солишдан нарига ўтмаяпти. Яъни, агар Ички ишлар вазирлиги орган ходимларини видеога олиш ҳақидаги моддани қўшмаганида, йўл ҳаракати хавфсизлигига оид муҳим қонун аллақачон қабул қилиниб бўлган бўларди эҳтимол.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

2024 йилги Ҳаж мавсуми бошланди. Ўзбекистоннинг 10 та шаҳридан Мадинага режа қилинган 124 та чартер қатновларидан биринчиси 23 май куни Тошкентдан жўнаб кетди. Бу йил 15 минг нафар ватандошимиз Ҳаж зиёратига боради. Эслатиб ўтамиз, икки йил олдин Саудия расмийлари билан квоталар сонини 24 мингга етказиш борасида музокаралар ўтказилганди.

Онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болаларни соғломлаштириш жамғармаси ташкил этилмоқда. 2024 йил 1 июлдан бошлаб, онкогематологик касалликларга чалинган болалар тегишли шифохоналарда ҳозиргидек 18 ёшгача эмас, 22 ёшгача бепул даволаниши мумкин бўлади. Шунингдек, президент ҳузурида ўтган йиғилишда шу йилдан бошлаб Тошкентда давлат тиббий суғуртасини йўлга қўйиш, тиббиётни рақамлаштириш ва бошқа чоралар белгилаб олинди.

Шавкат Мирзиёев Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг авиаҳалокатдаги вафоти муносабати билан бу мамлакатнинг Тошкентдаги элчихонасига бориб таъзия билдирди. Давлат раҳбари форс элчиси билан суҳбатда Раисий Ўзбекистон–Эрон ҳамкорлигини кенгайтиришга катта ҳисса қўшганини таъкидлади. Теҳрондаги видолашув маросимида Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов, ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва бошқа расмийлардан иборат Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.

Москва вилоятидаги ёнғинда Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлди. Истра районидаги 3 қаватли ҳостелда рўй берган ёнғин оқибатида 8 киши ҳалок бўлган. Улардан неча нафари ўзбекистонлик экани маълум эмас. Ҳостелда 20 га яқин хорижлик, хусусан 11 нафар ўзбекистонлик яшаган. Қурбонларнинг шахсига экспертизада аниқлик киритилиши кутиляпти. Ёнғинга уйдаги камин сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Shaffof бренди остидаги газ шохобчалари масъулларига суд ҳукми ўқилди. Бу – охирги вақтларда очилган энг катта жиноятлардан бири бўлди. Ҳукмда келтирилишича, жиноий гуруҳ 2018-2023 йилларда қарийб 1,4 трлн сўмлик савдо тушумларини яшириб, салкам 450 млрд сўмлик солиқларни тўламаган. Зарарларни ундириш учун 100 дан ортиқ метан-шохобча, 120 га яқин автомобиллар хатланган – улар орасида Cadillac машинаси ҳам бор. Корхона таъсисчилари – ака-ука Улуғбек ва Ойбек Тошматовлар 9 йил-у 2 ойга зодликдан маҳрум этилди. Иш доирасида яна 10 киши 3 йилдан 5 йилгача қамалди, яна 3 кишига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.

Сирдарё вилоятининг Ховос тумани ҳокими ўринбосари қўлга олинди. У фермердан ерини олиб қўймаслик, фаолиятига “яшил чироқ” ёқиб бериши эвазига 20 минг доллар сўраб, минг доллар олган вақтида ушланган. Шунингдек, Қарши тумани ИИБ катта тезкор ходими 400 доллар, Сергели тумани профилактика инспектори 5 минг доллар, “Ҳудудий электр тармоқлари” Тошкент вилояти филиали муҳандиси эса 30 минг доллар билан қўлга тушган.

Top