Shaffof бренди остидаги газ шохобчалар масъулларига суд ҳукми ўқилди
Бренд мутасаддилари биргаликда жиноий фаолият олиб бориш учун уюшган гуруҳ тузиб, 2018-2023 йиллар давомида қарийб 450 млрд сўм солиқларни тўламаган. Улар 1 трлн 376,5 млрд сўмлик савдо тушумларини яшириб, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини ҳам жуда кўп миқдорда бузган. Иш доирасида 100 дан ортиқ “метан-заправка”, 120 га яқин енгил ва юк автомобиллари хатланди.
Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида Shaffof бренди остида фаолият юритаётган автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари масъулларига ҳукм ўқилди.
Kun.uz танишган суд ҳужжатларида келтирилишича, Shaffof бренди остидаги МЧЖлар таъсисчилари – Улуғбек ва Ойбек Тошматов бошқа шахслар билан тил бириктириб, биргаликда жиноий фаолият олиб бориш учун уюшган гуруҳ тузган. Улар 2018-2023 йиллар давомида 56 та Shaffof савдо белгиси остида фаолият олиб борган МЧЖнинг 1 трлн 376 млрд 560 млн сўмлик савдо тушумларини яшириб, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдорда бузган. Судланувчилар 2018-2023 йиллар давомида Shaffof савдо белгиси остида фаолият олиб борган МЧЖларнинг солиқ ҳисоботларини яшириб, қасддан кўрсатмасдан 447,5 млрд сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ҳам тўламаган.
Шунингдек, Улуғбек ва Ойбек Тошматов 29 та ҳолатда 206,5 млрд сўмлик жиноий фаолият натижасида топган даромадларининг келиб чиқишига қонуний тус бериш мақсадида ушбу маблағларга газ қуйиш шохобчалари, автомашина ва турар жой сотиб олган.
Бундан ташқари, ака-ука бошқалар билан тил бириктириб, ўзлари ташкил қилган «Shaffof sement sanoat» МЧЖ номига Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасидан оҳактош ва қумтош қазилмагоҳини геологик жиҳатдан ўрганиш учун лицензиялар олган. Аслида мазкур лицензиялар оҳактош ва қумтош қазилмагоҳларини геологик жиҳатдан ўрганиш ҳуқуқини беради, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳуқуқини эмас. Уюшган гуруҳ буни олдиндан билган ҳолда «Shaffof» оҳактош конидан 21,731 метр куб, сланец конидан 1,505 метр куб, «Shaffof-2» қумтош конидан 3,350 метр куб, «Камишбоши» конидан 4,741 метр куб фойдали қазилмаларни қазиб олишган. Бунинг оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 15 млрд 602 млн сўм миқдорида зарар етказилган.
Уюшган гуруҳнинг солиқ тўлашдан бўйин товлаш жиноятлари оқибатида Фарғона вилоят солиқ бошқармасига 397 млрд 132 млн сўм, Наманган вилоят солиқ бошқармасига 8 млрд 137 млн сўм, Андижон вилоят солиқ бошқармасига 39 млрд 305 млн сўм, Тошкент вилояти солиқ бошқармасига 2 млрд 149 млн сўм ҳамда Тошкент шаҳар солиқ бошқармасига 867 млн сўм зарар етган.
Суд ҳукми Улуғбек Тошматов ва Ойбек Тошматов Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш), 189-моддаси 1-қисми (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 229-моддаси (Ўзбошимчалик) ва 243-моддасида (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 9 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Иш доирасида Олим Нурматовга 5 йил, Рустамжон Абдуллаевга 3 йил, Абдурашид Мамажоновга 3 йил 6 ой, Жалолиддин Икромиддиновга 5 йил, Анваржон Нишоновга 4 йил 2 ой, Адбулазизжон Тожиевга 5 йил, Аҳаджон Тоштемировга 3 йил, Шерзоджон Умаровга 3 йил, Фаррух Мамажоновга 3 йил 6 ой, Омонжон Мирзаевга 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазо тайинланган. Азимжон Турғунбоевга 5 йил озодликни чеклаш, Элдор Қосимовга иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари, Азам Ризаевга 4 йил озодликни чеклаш жазоси берилган. Уларнинг барчаси Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.
Иш доирасида 80 га яқин метан шохобча ва нотурар бино-иншоотлар, 120 га яқин юк ва енгил автомобиллар сотилиб, сотувдан тушган пуллар етказилган моддий зарарни қоплашга йўналтирилиши белгиланган. Шунингдек, 4 та уй, 30 га яқин “метан заправка” ҳамда битта Cadillak escalade-4 автомобили хатланиб, давлат эгалигига ўтказилган.
Shaffof бренди остида фаолият юритаётган автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари ва тадбиркорлик субъектларида содир этилган ноқонуний ҳолатларга чек қўйиш бўйича 2023 йилнинг баҳорида текширувлар бошланганди. Ўшанда бу бренд остидаги 73 та хўжалик субъектига қарашли 101 та автомобилларга газ қуйиш шохобчасининг табиий газ ва электр тармоқларидан ноқонуний фойдаланиши ҳолатлари ўрганилаётгани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024