Жамият | 14:09 / 30.05.2024
5366
3 дақиқада ўқилади

«Самарқанд билан биродар шаҳар алоқаларини ўрнатиш ниятимиз бор» — Аланя ҳокими

Asialuxe Travel туроператор билан ҳамкорликдаги лойиҳа доирасида Туркияда сафарда бўлиб турган Kun.uz мухбири Аланя шаҳар ҳокими Осман Тарик Ўзчелик билан учрашди. Ҳоким Ўзбекистоннинг туризм шаҳарлари билан яқин алоқалар ўрнатиш мақсади борлигини ва бу икки томонлама манфаатли бўлишини билдирди.

Ўзининг тарихий қалъалари ва гўзал табиати билан машҳур бўлган Аланя шаҳри туризм соҳасида катта имкониятларга эга. Asialuxe Travel туроператори кўмагида Туркияда бўлиб турган Kun.uz мухбири шаҳар ҳокими Осман Тарик Ўзчелик билан суҳбатлашди.

Фото: Alanya Belediyesi

 “Туризм Аланянинг асосий йўналиши ҳисобланади. Денгиз бўйида жойлашган шаҳримиз туризм соҳасида катта имкониятларга эга.

Бугунги кунда Аланяда асосан саёҳат туризми ривожланган. Бу, албатта, маълум бир мавсумни, иссиқ кунларни ўз ичига олади. Эндиликда биз қиш кунларида ҳам туристларни жалб қилиш мақсадида туризмнинг янги йўналишлари устида ишлаяпмиз. Масалан, қиш ойларида бир нечта спорт турлари бўйича катта мусобақалар мезбонлигини қабул қилиш ва бу орқали ҳудудимизга туристлар оқимини янада кўпайтиришни режа қилганмиз. Бу мақсад учун алоҳида тайёргарлик кўрилмоқда.

Бундан ташқари, тиббиёт туризмини ривожлантириш ҳақида ҳам ишларни бошламоқдамиз. Бу учун Аланяда барча имкониятларимиз етарли. Мақсадимиз, шаҳримизга келган турист ҳам даволансин, ҳам дам олиб, саёҳат қилиб кетсин”, дейди шаҳар ҳокими Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Осман Тарик Ўзчелик суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг туризм шаҳарлари, жумладан Самарқанд шаҳри билан яқин алоқалар ўрнатиш нияти борлигини маълум қилди.

“Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ҳақида эшитганмиз. Аланяда ҳам тарихий қалъалар кўп. Бу жиҳатдан маданиятимиз, тарихимиз уйғун. Самарқанд билан биродар шаҳар алоқаларини ўрнатиш ниятимиз бор. Икки томонлама манфаатли бўлган бундай имкониятларни албатта қўллаб-қувватлаймиз”, дея таъкидлаб ўтди Осман Тарик Ўзчелик.

Ҳозирда ўзбекистонликлар Asialuxe Travel туроператорининг тўғридан тўғри рейслари орқали Анталияга учиб, у ердан Аланяга боришлари мумкин. Анталия ва Аланя шаҳарлари орасида 150 км.дан ортиқроқ масофа бор.

Asialuxe Travel туроператори яқин вақтда Ўзбекистондан Аланяга тўғридан тўғри рейсларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Натижада, Аланяга бормоқчи бўлган ўзбекистонликлар Анталиядан узоқ йўл босиб боришларига хожат қолмайди. Шаҳар ҳокими шу ҳақида ҳам тўхталар экан, бу ўзбекистонлик туристлар учун, ўз навбатида Ўзбекистонга саёҳат қилмоқчи бўлган Аланя аҳолиси учун катта қулайлик яратишини таъкидлаб ўтди.

Маълумот учун, 62 ёшли Осман Тарик Ўзчелик март ойи охирида Туркияда маҳаллий ҳокимият учун ўтказилган сайловларда ғалаба қозониб, Аланя шаҳри ҳокими лавозимига киришган. У сайловларда Республика Халқ партиясидан номзодини илгари сурганди.   

Мавзуга оид