Тошкентда 5-7 июн кунлари “Далилларга асосланган ҳаракат” мавзусидаги болалар онкологияси ва гематологияси бўйича I халқаро конгресс ўтказилмоқда.

Конгресс Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ЖССТ, Халқаро болалар онкологияси жамияти, Европа онкология мактаби билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

Конгресс 300 дан зиёд иштирокчи, шу жумладан ЖССТ, Халқаро болалар онкологлари жамияти, Европа онкологлар мактаби, хорижий университет клиникалари ва етакчи тиббиёт марказлари раҳбарлари, халқаро ва миллий илмий доиралар ва фуқаролик жамияти вакилларини тўплади.

Конгрессда қатнашган Замин фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ўз нутқида "бу ерга биз ягона мақсадни кўзлаб, ўғил-қизларимизнинг ҳаётига зомин бўлаётган энг оғир касалликлардан бирини енгиш учун йиғилдик. Ҳар бир бола яшашга ҳақлидир. Болалар келажакда соғлом бўлиши, тўлақонли ҳаёт кечириши учун барча имкониятларни ишга солиш бизнинг бурчимиздир", деб таъкидлади.

Болалар онкологияси ва гематологияси тиббиётнинг энг мураккаб соҳаларидан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили 0-19 ёшгача бўлган 400 минг нафарга яқин болалар ва ўсмирлар саратон касаллигига чалинади.

“ЖССТ халқаро миқёсда тиббиётга оид меёр ва стандартларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Бугунги конгресс доирасида Ўзбекистонга болалар онкологияси ва гемотологиясига оид энг яхши амалиёт, кўрсатмалар тақдим қилинмоқда.

Ғарб давлатларида болаларнинг саратондан тузалиш кўрсаткичи 80 фоизни ташкил қилади. Яъни саратонга чалинган болаларнинг 80 фоизи яшашда давом этади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 40 фоизга яқинни ташкил қилади. Биз бу кўрсаткични ўзимизда аллақачон мавжуд бўлган воситалар билан ошира оламиз.  

Албатта, саратондан омон қолиш кўрсаткичи бирданига ошиб қолмайди. Бу узоқ муддат давомида содир бўладиган жараён ва соғлиқни сақлаш тизимидаги ўзгаришлар билан бирга амалга ошади.

Лекин фикримча, энг асосий ўзгариш одамларнинг турмуш тарзида бўлиши керак. Бу авлодлар алмашинуви даражасидаги вақтни олиши мумкин.

Лекин энг яхши тарафи буни амалга ошириш учун юқори даражада сиёсий қизиқишнинг борлигидир. Юқори даражадаги сиёсатчиларнинг бу мавзуга қизиқиши, уларнинг мажбурияти борлиги ўйланган режаларни амалга ошириш имконини беради”, деди ЖССТнинг Ўзбекистондаги вакили Asheena Khalakdina Kun.uz’га берган интерьвюсида.