Жаҳон | 08:41 / 08.06.2024
3152
2 дақиқада ўқилади

ЕК: Украина ва Молдова ЕИга аъзолик бўйича музокараларга тайёр

Украина ва Молдова Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни бошлаш учун барча шартларни бажарди, деб хабар берди Еврокомиссия. Энди қарор Европа Иттифоқи кенгаши томонидан қабул қилиниши керак. Айни пайтда, Венгрия Брюсселнинг позициясига шубҳа билан қараяпти.

Фото: AP

Украина тўрт шартни, Молдова эса Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни бошлаш учун зарур бўлган учта шартни бажарди. Бу ҳақда 7 июн, жума куни Еврокомиссия расмий вакили маълум қилди. Еврокомиссия Брюсселдаги брифингда эришилган ютуқлар тўғрисидаги янгиланган маълумотларни ва ЕИ мамлакатлари расмий вакилларининг Coreper йиғилишида батафсил ахборотни тақдим этди.

Бу учрашувда ҳеч қандай қарор кутилмаяпти, дея тушунтирди музокараларга яқин DW дипломатик манбаси. Унинг сўзларига кўра, Еврокомиссиянинг оғзаки маърузаси инобатга олинди, сўнгра иштирокчилар фикр алмашишди ва келгуси ҳафта муҳокамани давом эттириш учун ушбу мавзуни экспертлар ишчи гуруҳига ўтказишди. Айнан ўша пайтда музокаралар асосини муҳокама қилиш бошланади. Европа Иттифоқи кенгаши ушбу асосни бир овоздан келишиб олиши ва ҳар икки давлат билан биринчи ҳукуматлараро конференцияларни бошлаши керак. 

Белгиянинг ЕИ кенгашидаги раислиги ҳар иккала ҳукуматлараро конференцияни ҳам 25 июн куни Люксембургда Европа Иттифоқи Умумий ишлар кенгаши доирасида бўлиб ўтишини таъминлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда, деди манба.

Комиссиянинг оғзаки ҳисоботидан сўнг бўлиб ўтган муҳокамада Европа Иттифоқига аъзо деярли барча давлатлар унинг позициясига рози бўлди ва Белгиядан июн ойи охиригача ҳукуматлараро конференцияларни ўтказишни сўради, деди европалик дипломат. Фақат Венгрия Европа комиссиясининг позициясига шубҳа билан қараяпти. Унинг вакили музокаралар асоси бўйича бир қатор истакларини билдирди.

Ҳукуматлараро конференция мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокараларнинг расмий бошланиши ҳисобланади. Март ойида Европа комиссияси сўнгги оғзаки ҳисоботида Украина ислоҳотнинг қолган тўрт босқичидан иккитасини, Молдова эса учтадан иккитасини якунлаганини маълум қилди.

Мавзуга оид