Хоразм вилояти, Хива шаҳрида бахтсиз ҳодиса оқибатида 11 ёшли болани девор босиб қолди. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳолатни ўрганаётгани ҳақида хабар берди.

Қайд қилинишича, 29 май куни Хива шаҳри, Гулшан-2 маҳалласида яшовчи, 2013 йилда туғилган ўғил бола қурилиши тугалланмаган бино ёнида ўйнаб юрган вақтида деворнинг бир қисми қулаб тушган. Оқибатда боланинг тос суяги синган, у шифохонада даволанаётгани таъкидланмоқда.

Ҳолат юзасидан Хива шаҳри ИИБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.