00:07 / 13.06.2024
3808

АҚШ ва Украина G7 саммитида хавфсизлик шартномасини имзолайди

Ҳужжат молиялаштириш бўйича Конгресс билан ишлаш мажбуриятини ўз ичига олади, шунингдек, унда Украинани ҳимоя қилиш учун АҚШ ҳарбий кучларидан фойдаланишга оид бандлар йўқ.

Фото: Reuters

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Жейк Салливаннинг айтишича, 13 июн куни АҚШ Украина билан хавфсизлик шартномасини имзолайди. Унинг сўзларига кўра, ҳужжатда Америка томонининг Украинани ҳимоя қилиш учун ўз армиясидан фойдаланиш бўйича мажбуриятлари ҳақида ҳеч қандай эслатма йўқ.

G7 саммити 13 июн куни Италиянинг Бриндизи шаҳрида бошланади. Саммит доирасида Украина президенти Володимир Зеленский ва Америка президенти Жо Байден ўртасида учрашув бўлиб ўтади. Жейк Салливан сўзларига кўра, музокаралар якунида томонлар хавфсизлик шартномасини имзолайди.

Журналистнинг тегишли саволига жавобан, Салливан келишувда «доллар ҳисобидаги аниқ рақамлар» мавжуд эмаслигини айтди. Ҳужжат молиялаштириш бўйича Конгресс билан ишлаш мажбуриятини ўз ичига олади, шунингдек, Украина армиясига маблағ ажратиш масаласида АҚШнинг Украина ва бошқа иттифоқчилар билан ўзаро ҳамкорлиги асосларини белгилайди. Президент ёрдамчисининг сўзларига кўра, келишувда Украинани ҳимоя қилиш учун АҚШ ҳарбий кучларидан фойдаланишга оид бандлар ҳам мавжуд эмас.

Италиядаги саммит 15 июнга қадар давом этади. Bloomberg нашрига кўра, конференцияда G7 етакчилари Россиянинг музлатилган активларидан тушган маблағларни Украинага ёрдам бериш учун ишлатиш режаларини муҳокама қилади.

Шунингдек, Қўшма Штатлар Украинага Россиянинг блокланган активларидан келадиган келажакдаги даромад эвазига кредит таклиф қилган. Кредит миқдори 50 миллиард долларни ташкил этади. Италиядаги саммитда келишув тафсилотлари ва Украинага кредит бериш механизми муҳокама қилинади.

Top