АҚШ Молия вазирлиги Россия валюта бозорида доллар савдосига воситачилик қилувчи бир нечта молия институтларига, хусусан, Москва биржаси, Миллий клиринг маркази ва Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсига нисбатан санкциялар жорий этди.

Бунинг натижасида Москва биржаси 13 июндан бошлаб доллар ва евро савдосини тўхтатди. РБК хабарига кўра, валюта айирбошлаш шохобчаларининг баъзиларида долларнинг энг юқори қиймати 12 июн кунги маҳаллий вақт билан соат 19:15 ҳолатига кўра 200 рублгача кўтарилган. Шу билан бирга, евро сотиб олиш курси ҳам 160 рублгача ошган. Орадан бироз вақт ўтиб, курс бироз барқарорлашди. Шундай бўлса-да, онлайн банкларнинг аксарияти доллар сотишни тўхтатди.

Рубл курсидаги юқори тебранувчанлик

Москва биржаси – Россия молиявий инфратузилмасининг муҳим қисмидир. Унда банклар, корхоналар ва инвесторлар турли хил валюталар – доллар, евро ва юанни сотиб олади ва сотади. Россия Марказий банки куннинг биринчи ярмидаги савдоларнинг боришига қараб, рубл курсини белгилайди. Кейинчалик бу курс банклардан валюта сотиб олиш мумкин бўлган ўртача қийматни аниқлаб беради. Янги санкциялар эса мазкур тизимни бузди.

“Энг асосий оқибат рубл курси волатиллигининг ўсиши бўлади”, деди Bloomberg Economics'нинг Россия, Марказий ва Шарқий Европа бўйича бош иқтисодчиси Александр Исаков BBC билан суҳбатда.

Украинада уруш бошланганидан сўнг, кўплаб хорижий инвесторлар Россия бозорини тарк этганди. Хорижий валютанинг чиқиб кетиши ортидан рублнинг тебранишлари анча кучайди. Масалан, 2023 йилда рублнинг узоқ давом этган пасайиши кузатилди. 2023 йилда долларнинг рублга нисбати 70 дан 104 гача ўзгариб турди. Расмийлар эса буни турли хил маъмурий қарорлар билан тўхтатишга ҳаракат қилиб келяпти.

Молиячи Сергей Романчук спредларнинг ўсиши, яъни валютани сотиш ва сотиб олиш курси ўртасидаги фарқ юқори бўлиши, банклар бундан яхши пул ишлашлари мумкинлиги ҳақида ёзди. Шунингдек, у валюта савдоси ҳажмининг янада қисқаришини прогноз қилди.

“Келажакда юан савдоси билан ҳам нима бўлиши ноаниқ”, дейди Романчук. Унинг фикрича, Хитой расмийлари Россия миллий клиринг депозитарийсига хизмат кўрсатишни истамаслиги мумкин.

Аввалроқ, ОАВда Хитой банклари иккиламчи санкциялардан қочиш учун Россиядан келадиган пул ўтказмаларини икки марта текшираётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

“Бозор учун бу санкциялар унчалик катта воқеа эмас, оддий руслар учун эса жуда кичик воқеа. Аммо Москва биржасининг ўзи учун бу муҳим”, дейди T-Investments бош иқтисодчиси Софя Донетс.