Республика Ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида миниинвазив кардиохирургия бўлими бошлиғи, соҳада 24 йиллик тажрибага эга кардиожарроҳ Ислом Шарипов танадаги энг нозик аъзо – юрак хасталиклари ва уларнинг келиб чиқиши, олдини олиш чоралари ҳақида ўз тавсияларини берди.
28 ёшида инфаркт билан мурожаат қилганлар бор
Бугун юрак хасталиклари орасида энг кўп тарқалгани юрак ишемик касаллиги ҳисобланади, бу касалликка асосий сабаб юракни таъминловчи қон томирларда бляшкалар ривожланиб, қон оқимини пасайтириб юборади. Ишемиянинг кейинги босқичи стенокардия бўлади, қон томирлар кўпроқ ёпилиб қолади, инфаркт билан тугаб, ўлимга ҳам олиб келиши мумкин.
Иккинчи ўринда орттирилган юрак нуқсонлари. Бир қисми ревматик касаллик, бир қисми эса кўп йил яшагани сабаб (дегенератив ўзгаришлар оқибатида) келиб чиқадиган касалликлар.
Учинчиси эса туғма юрак нуқсонлари. Бундай беморлар ёшлигида коррекция бўлади, баъзи ҳолларда билмай юрган 18 ёшдан катталар ҳам бўлади.

Ишемик касаллик асосан 40 ёшдан катта одамларда учрайди, кардиохирургияга етиб келадиган ёши 60-65 ёш атрофида бўлади. Лекин охирги йиллар стенокардия, инфаркт бўлган беморлар ёши пасайиб боряпти, 28 ёшида инфаркт билан мурожаат қилганлар бор. Умуман, 28-30 ёшдаги беморлар учраб туради.
Миниинвазив жарроҳлик оммалашуви
Илк миниинвазив жарроҳлик амалиётини 2005-2006 йилларда бошлаганмиз. Охирги 3 йилдан бери видеоторакоскопик усулга ўтдик, 3,5-4 см кесиш орқали жарроҳлик амалиётлари бажаряпмиз.

Ҳозирги кунда миниинвазив жарроҳлик асосан қовурғалар орасидан кесиб, ҳеч бир суякка зиён етказмасдан юрак операцияси ўтказилади. Торакоскоп, 3D тасвир, ёрдамчи робот кўмагида миниинвазив жарроҳлик амалиётларини бажариш тарқалган.
Марказимизда 3 йилдан бери миниинвазив жарроҳлик дастурини ривожлантириб келяпмиз. Биринчилардан бўлиб 3D торакоскоп аппаратини олиб келдик, мутахассисларимиз Австрия, Швейцарияда италиялик, америкалик мутахассислар билан тажриба алмашиб келди.
















