Евро-2024 турнирининг навбатдаги, саккизинчи куни ортда қолди. Яна уч ўйин ўтказилди, мухлислар яна янги сюжетлар ва натижаларга гувоҳ бўлишди. Ҳар кунлик дайжестда бу бир неча соатлик футбол давомида нималар бўлиб ўтганини ҳикоя қиламиз.

Е гуруҳи. 2-тур

Словакия — Украина: икки жамоа ҳам ўйинда қолди

Роман Яремчук Словакия дарвозасига ғалаба голини урмоқда.
Uwe Kraft / imago images / Scanpix / LETA

Словакия – Украина 1:2
Голлар: 1:0 – 17 Шранц, 1:1 – 54 Шапаренко, 1:2 – 80 Яремчук.
Словакия – Дубравка, Пекарик, Шкриняр, Вавро, Ганцко (Суслов, 67), Куцка, Лоботка, Дуда (Бенеш, 60), Гараслин (Оберт, 67), Шранц (Сауэр, 86), Боженик (Стрелец, 60).
Украина – Трубин, Тимчик, Матвиенко, Забарний, Зинченко, Ярмоленко (Зубков, 67), Шапаренко (Таловеров, 90), Мудрик (Малиновский, 85), Судаков, Бражко (Сидорчук, 85), Довбик (Яремчук, 67).

Украинлар бу ўйинга Руминиядан қабул қилинган оғир зарба асоратлари билан етиб келишганди. Сергей Ребров хатолар устида қандай ишлаганини кузатиш қизиқ эди — Украина майдонни ижобий натижасиз тарк эта олмасди, ғалабадан бошқа ҳар қандай натижа турнирни эрта тарк этишни англатарди.

Мураббийнинг асосий ўзгариши — дарвозада Лунин ўрнига Трубин пайдо бўлиши бўлди. Бу кутилган юриш эди — «Реал» дарвозабони биринчи ўйин бой берилишида асосий айбдор бўлганди. Трубин эса дарвозани яхшироқ қўриқлади — керакли паллаларда қутқарди ва шунчаки ишончли кўринди.

Аввалига ўйин эски сценарий бўйича кетаётгандек эди — Иван Шранц Евродаги иккинчи голини урди ва словакларни олдинга бошлади. Бу гол украинларни сергак торттирди — Дубравка дарвозаси атрофида ҳам вазиятлар юзага кела бошлади. Айниқса Ярмоленко жарима майдонига ёриб Кириши ва кучли зарбаси билан устунни титратиши ёдда қолди. Бўлим охирида Мудрик дарвозабон билан яккама-якка қолганида зарба бериш ўрнига марказ томон пас берди ва бу хато қарор бўлиб чиқди.

Иккинчи бўлимда словаклар бутунлай ўз жарима майдонига қамалиб олишди. Ва бу муаммо келтириб чиқарди — Шапаренко танаффусдан қайтилганидан кўп ўтмасдан Зинченконинг қанотдан берган узатмасини ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан голга айлантирди ва ҳисобни тенглаштирди. Шундан кейин ўйин бироз тинчланди, захирадан тушган Яремчук ўйин охирларида жарима майдонида тўпни қабул қилиб, уни дарвозабон ёнидан ўтказди - 2:1. Бу вазиятда ҳам словаклар мудофааси пароканда бўлиб кетганди — Романни икки ҳимоячи ҳам қўриқлай олмади ва дарвозабон қийин аҳволда қолдирилди.