Ўзбекистон | 13:24 / 28.06.2024
5278
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида аҳолидан чиқиндиларни сотиб олиш шохобчаси ташкил этилди

Ангрен шаҳрида аҳолидан қайта ишланадиган чиқиндиларни харид қилиш шохобчаси барпо этилди. 

Фото: Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида аҳолидан қайта ишланадиган чиқиндиларни харид қилиш тажрибаси йўлга қўйилди

Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази хабарига кўра, Ангрен шаҳри «Нурчи» МФЙда жойлашган Zero waste давлат-хусусий шериклик битими асосидаги санитар тозалаш корхонасига қарашли ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатувчи замонавий чиқинди йиғиш шохобчасида қурилди. Бу ерда республикада илк бор илгари сурилаётган — аҳолидан қайта ишланадиган чиқиндиларни харид қилиш тажрибаси йўлга қўйилди.

Замонавий чиқинди йиғиш шохобчаси қурилишида, асосан, чиқиндига айланган юк ташишга мўлжалланган контейнерлар, шиша идишлар каби фойдаланишдан чиқарилган хомашёлардан фойдаланилган. Чиқинди йиғиш майдончасини электр билан таъминлаш учун қуёш панеллари ўрнатилган. Шохобчада ишчи-хизматчи яшаши ва ишлаши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Дўкон ҳам ташкил этилган.

2024 йил 4 январда президентнинг «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» фармони қабул қилинган. 

Унга кўра, 2024−2026 йилларда Тошкент, Ангрен ва Бухоро шаҳарлари ҳамда Тошкент туманида чиқиндиларни «қайта ишланадиган», «қайта ишланмайдиган» ва «озиқ-овқат» тоифаларига саралаган ҳолда йиғиш бўйича тажриба ўтказилиши ҳамда ушбу турдаги чиқиндиларни йиғиш учун алоҳида пакетлар аҳолига бепул берилиши қайд этилган.

Кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудларда чиқинди йиғиш майдонларида «қайта ишланадиган» тоифага мансуб чиқинди турлари аҳолидан сотиб олиниши белгиланган.

Мавзуга оид