Ижтимоий тармоқларда Шота Руставели кўчасидаги қурилиш ишлари давомида оқова сув қувурига шикаст етказилгани ва оқова сувнинг Салар каналига оқиб чиқаётгани ҳақидаги мурожаат юзасидан Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан ўрганиш ўтказилди.
Текширув давомида аниқланишича, Яккасарой туманидаги қурилиш майдонида «Б.Б.» МЧЖ томонидан кўп қаватли турар жой биноси қурилиши вақтида шаҳар оқова сув тармоғига тегишли қувурга шикаст етказилган. Натижада қувурнинг бир қисми ўпирилиб тушган ва тўпланган суюқ чиқиндилар махсус насослар орқали ҳеч қандай тозалаш ишларисиз тўғридан тўғри Салар каналига чиқарилган.
Экология бош бошқармасининг таҳлилий лабораторияси томонидан олинган намуналар таҳлилига кўра, чиқиндилар таркибида нефть маҳсулотлари қолдиқлари рухсат этилган меъёрдан 5,02 марта, аммоний азоти 43,5 марта, кимёвий кислород сарфи 4,9 марта, муаллақ моддалар эса 13,6 марта юқори экани маълум бўлган.
Шунингдек, суюқ чиқиндилар тўпланган тупроқ намуналарида ҳам нефт маҳсулотлари қолдиқлари меъёрдан юқори экани аниқланган.
Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси маълумотига кўра, жами 63 минг 936 куб метр суюқ чиқинди ҳеч қандай рухсатномасиз Салар каналига ташланган.
Ушбу ҳолат оқибатида «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун ҳамда Сув кодексининг бир қатор моддалари талаблари бузилгани қайд этилди. Бунинг учун «Б.Б.» МЧЖга сув объектига етказилган зарар бўйича 2 миллиард 160 миллион 13 минг 824 сўм миқдорида компенсация ҳисобланди.
Бундан ташқари, ер рельефининг ҳам ифлослантирилгани аниқланиб, мазкур ҳолат учун қўшимча 60 миллион 27 минг 81 сўм компенсация белгиланди.
Натижада қурилиш компанияси жами 2 миллиард 220 миллион 40 минг 905 сўм миқдорида компенсация тўлаши белгиланди.











