Жаҳон | 11:22 / 03.07.2024
10801
1 дақиқада ўқилади

Москвада Украина герби тасвирланган футболка кийиб юрган эркак жаримага тортилди

Россияда Украина герби тасвири туширилган футболка кийган ва урушни танқид қилган асли ўзбекистонлик бўлган эркак 50 минг рубл (7,1 млн сўм) жаримага тортилди. Суд 39 ёшли Х. А.ни «Россия қуролли кучларини обрўсизлантириш» моддаси бўйича айбдор деб топган.

Фото: Kun.uz

Россия пойтахтида Украина герби тасвири туширилган футболка кийган ва урушни танқид қилган келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Х. А. жаримага тортилди. Бу ҳақда “Осторожно, Москва” телеграм канали хабар берди.

Қайд этилишича, 25 июн оқшомида Москвадаги «Киевская» метросида полиция ходимлари 39 ёшли Х. А.ни қўлга олишган. Бунга унинг футболкасида Украина герби акс этгани сабаб сифатида келтирилган. Бундан ташқари, йўловчи Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини танқид қилган.

27 июнда бўлиб ўтган суд мажлисида Х. А. «Россия қуролли кучларини обрўсизлантириш» моддаси бўйича айбдор деб топилган ва унинг 50 минг рубл (7,1 млн сўм) миқдорида жарима тўлаши белгиланган.

Суд қарорида Ўзбекистонда туғилган Х. A.нинг Россия фуқароси эканлиги келтириб ўтилган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид