2023 йил 1 январдан чоп этилган онлайн-НКТ ва электрон чекларда хатоликларга йўл қўйилган бўлса, тадбиркорларга уларни таҳрирлаш имкони берилади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

“Ҳозирда техник имконият яратилмоқда, тадбиркорларга ҳам тегишли тайёргарлик чораларини кўриш тавсия этилади. Тўлиқ қўлланма қўшимча равишда эълон қилинади, – дейилади расмий хабарда.

Қўмита матбуот котиби Дилдора Ҳошимова айни масала юзасидан Kun.uz’нинг саволларига жавоб берди.

Тадбиркорларга чекларни таҳрирлаш имкони берилиши нимани англатади?

— Харидорга харид чеки ўша маҳсулотни сотувчи кассир томонидан берилади. Харид чекида маҳсулотнинг номи, идентификация рақами (МХИК), товар қиймати, ўлчов бирлиги, суммаси ёзилади. Агар ҚҚС тўловчиси бўлса, ҚҚС суммаси алоҳида кўрсатилади. Харид чеклари урилганда кассирлар томонидан харид суммаси нотўғри киритилиш ҳолатлари учраши мумкин. Масалан, минг сўм ўрнига, ўн минг сўм кўрсатилиши мумкин. Шунақа ҳолатлар бор, юз минг сўмлик товар бир млн сўм деб уриб юборилиши мумкин. Бундай ҳолатлар жуда кўп. Бошқа товарнинг суммасини бошқа товарга уриб юбордик, дейишади. Булар кўпинча техник хатоликлар бўлади.

Суммаларнинг хато урилиши энг оғир ҳолатда товар айланмасининг ошиб кетишига олиб келиши мумкин. Биласиз, товар айланмаси 1 млрд сўмдан ошиб кетса, юридик шахс ҚҚС тўловчисига айланади. Ёки суммаларнинг кўпроқ урилиши кўпроқ солиқ ҳисобланишига олиб келиши мумкин, сабаби айланмадан келиб чиқиб 15 фоиз фойда солиғини тўлайди. Шунинг учун ё 4 фоиз, ёки 15 фоизлик солиқнинг кўпайиб кетишига олиб келиши мумкин.

Ундан ташқари, имтиёзли товар ўрнига имтиёзсиз товар кодларини киритса, ўша сумма билан шаклланиб қолиши мумкин. Масалан, дейлик мен имтиёзли товарни сотдим, у солиққа тортилиши керак эмас, лекин мен адашиб бошқа кодни киритганим учун солиқ ҳисобланиши мумкин.

Бундан ташқари, баъзилар воситачилик хизматини кўрсатади. Воситачига солиқ чиқмаслиги учун фақат воситачилик қилгани учун оладиган хизмат ҳақи ҳисобланади. Бундай ҳолатларда воситачи товар сотувчисининг маълумотларини тўғри киритиб қўйиши керак. Агар иккинчи томоннинг ИННсини киритмаса, воситачига ҳам солиқ ҳисобланиши мумкин.

Шундай ҳолатларни ҳисобот топширгандан кейин бухгалтерлар билиб қолади. Ўзи кейинги ҳисобот топширгунча хатони тузатиш имкони бор. Бу АОС топширувчилар учун кейинги ойнинг 15-санаси, ҚҚС тўловчилар учун эса 20-санаси. Лекин ўтган ой ёпилиб кетган бўлса, ундан олдинги ойларни таҳрирлаш имкони йўқ, шу сабабли ҳозир шундай шароит яратиб бериляпти.