Франция спорт вазири Амели Удеа-Кастера Париж олимпиадаси арафасида шаҳар марказидан оқиб ўтувчи Сена дарёсидаги сувнинг тозалигини текшириш мақсадида дарёда сузиб кўришга қарор қилди.

Вазир Александр III кўпригидан Яраланган ҳарбийлар кўпригигача – қарийб 220 метр масофани сузиб ўтган. Унга франциялик паратриатлет Алексис Анкинквант ҳамроҳлик қилган.

“Ваъда бажарилди”, деб ёзган Удеа-Кастера сузишдан кейин X'даги саҳифасида.

Сена дарёсида Олимпиаданинг триатлон ва сузиш бўйича мусобақалари ўтказилиши режа қилинган. Аввалроқ дарёда хавфли бактерияларнинг юқори концентрацияси аниқланган, шундан кейин расмийлар дарё сувини тозалаш учун қарийб 1,4 млрд евро маблағ сарфлаганди.

Спорт вазиридан кейин, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Халқаро Олимпия Кенгаши раиси Томас Бах ҳам Удеа-Кастеранинг ортидан дарёга шўнғишга тайёрлигини билдиришди.

Париж Олимпиадаси 26 июлдан 11 августгача давом этади. Параолимпиада эса 28 августдан 8 сентябргача ўтказилиши кўзда тутилган.