Аввалроқ, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақобат қўмитаси томонидан Korzinkа супермаркетлар тармоғи (“Anglesey Food” МЧЖ)га нисбатан иш қўзғатилгани маълум қилинганди.
Бунга Korzinkа супермаркетлар тармоғи томонидан «энг арзон нарх» деб эълон қилинган маҳсулотларнинг алоҳида турлари бўйича нархлар бошқа супермаркетлар ва деҳқон бозорларида сотилаётган худди шу турдаги маҳсулотлар нархларидан фарқ қилмаслиги сабаб бўлганди.
Қўмита Korzinkа томонидан тарқатилаётган реклама ахборотида “Кундалик харидларга энг арзон нарх”, “Энг арзон нарх – Korzinkаʼда”, “Энг унумлисига келинг!” деган истеъмолчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган жумлалардан фойдаланилган, дея маълум қилганди.
Рақобат қўмитаси хабарига кўра, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши юзасидан ишларни кўриб чиқиш бўйича Махсус комиссияси томонидан қўзғатилган ишда Korzinkа супермаркетлар тармоғи бренди остида фаолият кўрсатувчи “Anglesey Food” МЧЖ ХК айбдор деб топилиб, унга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш юзасидан судга киритиш бўйича қарор қабул қилинган.
“Шунингдек, унга ушбу реклама бўйича қонунбузилишига йўл қўйилган ҳолатларни бир ойлик муддатда бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Ваколатли органнинг ушбу қароридан норози бўлган томон судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Барча тадбиркорлик субъекти вакилларини мамлакат иқтисодиёти ва аҳолининг бандлигини таъминлашдаги ҳиссаларини қадрлаган ҳолда, мамлакатимизда мавжуд амалдаги қонунчилик ҳужжатларига асосан қонуний фаолият олиб боришларини ва жамиятимизда демократик қонуний муҳит шаклланишига ўз ҳиссаларини қўшишларини сўраб қоламиз”, - дейилади расмий хабарда.
Korzinkа нима дейди?
Рақобат қўмитаси Korzinkа супермаркетлар тармоғига нисбатан иш қўзғатилганини маълум қилгач, компания асосчиси Зафар Ҳошимов Теlegram-каналида “энг арзон нарх” рекламасига изоҳ берди.
Ҳошимов бу реклама кампанияси эмас, бу Korzinkа тармоғининг янги нарх сиёсати, дея маълум қилди. Унинг тушунтиришича, дастур эндиликда доимий равишда амал қилади.









