Июн ойида IT Park University ва Women in Tech IT соҳасида аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамкорликни бошладилар. Улар ташкилотлар вакиллари ва аълочи талабалар орасида илҳомбахш учрашув ўтказдилар. Тадбирнинг асосий мақсадлари IT Park University фаол талабалари ва уларнинг карьера ҳикоялари билан танишиш, Women in Tech ташкилотининг фаолияти, миссияси, мақсадлари ва яқин режаларини тақдим этиш эди. Шунингдек, IT Park University Women in Tech амбассадорлик дастури тақдим қилинган биринчи университет бўлди.

Women in Tech — халқаро нотижорат ташкилот бўлиб, унинг мақсади гендер тенгсизлигини камайтириш ва аёлларга IT технологияларни ўзлаштиришга ёрдам беришдир. Ҳамжамиятнинг миссияси аёллар рақамли муҳитда муваффақиятга эришиши мумкин бўлган дунёни яратишдир. Ташкилотда қатнашиш тажриба, билим ва потенциал лойиҳа шериклари тармоғини таъминлайди.

*Women in Tech ташкилотининг алоқа маълумотлари мақола охирида кўрсатилган.

Учрашув IT Park University бош директори Баҳодир Аюповнинг самимий кириш сўзи билан бошланди, у технология саноатида тенглик ва аёлларни қўллаб-қувватлаш аҳамиятини таъкидлади. Унинг сўзлари аудиторияда акс садо яратиб, тадбирга тон берди.

Women in Tech Uzbekistan директори Анна Амброзевич ва ёшлар элчиси Кристина Ванина Women in Tech дастури ва миссияси тафсилотларини тақдим қилдилар. Улар ИТ соҳасида аёллар учун қўллаб-қувватловчи муҳит яратишнинг аҳамиятини таъкидлади, ташкилот ташаббусларида иштирок этишга чақирдилар. IT Park University талабалари ҳам IT’га кириш йўллари ҳақидаги ҳикоялари билан ўртоқлашдилар.

“Икки йил олдин мен турли соҳаларни ўргандим: кўчмас мулк савдоси, бухгалтерия, график ва ҳаракатли дизайн, маркетинг. Бир йил олдин эса Кореяда бизнес-администрация йўналишида ўқидим. Агар ўшанда кимдир менга Women in Tech тадбирида IT талабаси сифатида нутқ сўзлайсан, деса, мен ишонмаган бўлардим. Ўзбекистондаги кўпгина ёш аёллар каби менда ҳам рақамли технологиялар соҳаси ҳақида стереотипик қарашлар бор эди, уни қийин ва зерикарли деб ҳисоблардим.

Саккиз ой ичида IT соҳаси менга ажойиб имкониятларни тақдим этди. Мен IT Park University томонидан тўлиқ молиялаштирилган амалиётга Испанияга бордим, Малага, Касерес ва Мадридга ташриф буюрдим. Биз EPAM офисларида мастер-класслар ўтказдик, у ерда нутқ сўзловчилардан бири бизнинг ишимиз бизнес жараёнларига катта таъсир кўрсатишини кўрсатиб берди. Бу менинг янги ишончимни мустаҳкамлади, IT нафақат кодлаш, балки бизнес муаммоларини ҳал қилиш ва қимматли маҳсулотлар яратишдир,” — деди IT Park University иккинчи курс талабаси Нигора Маммадалиева.