13 июл куни IT Park University “Open Day” тадбирида ўз эшикларини ҳамма учун кенг очди. 200 дан ортиқ абитуриентлар, уларнинг ота-оналари, IT-мутахассислар ва талабалар университетнинг замонавий таълим дастурлари ҳақида маълумот олиш, халқаро экспертлар билан суҳбатлашиш ва ишга жойлашиш имкониятларини ўрганиш учун йиғилдилар. Жараённи сизга ҳикоя қиламиз.
Дастур жуда бой тайёрланганди. Тадбирнинг асосий хусусияти йирик IT-компаниялар: EPAM, IT Park Uzbekistan, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, IT Bilim, IT Community of Uzbekistan va WTraining’дан таниқли спикерларнинг ҳамкорлиги бўлди. 10 дан ортиқ эксперт IT соҳаси келажагидаги ўзгаришлар, муваффақиятли карьера сирлари ва амалий таълимнинг фойдаси ҳақида маълумот беришди, шунингдек, рақамли муҳитда ишлашнинг афзалликлари ва камчиликлари муҳокама қилинди.
Тадбирнинг расмий қисми Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва вазир ўринбосари Рустам Каримжонов томонидан очиб берилди.

“IT Park University глобал EPAM компанияси билан ҳамкорлиги туфайли ҳам ноёбдир. Таълим фақат назарияга эмас, балки амалиётга қаратилган ва етакчи экспертлар томонидан бошқарилади. Бу университет сизнинг келажагингиз учун катта имкониятлар очади” — деди Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов.

IT Park University бош директори Баҳодир Аюпов келгуси йилларда IT соҳасидаги ўзгаришларни таҳлил қилди. У 2025 йилга келиб IT-мутахассисларига бўлган талаб 8 баробар кўпайишини таъкидлади.

EPAM компаниясининг вакиллари Наталя Ни ва Иззатхон Шамсиев IT Community’да иштирок этишнинг аҳамияти ҳақида гапириб, қандай қилиб нетворкинг орқали халқаро компания аъзоси бўлганликларини баҳам кўрдилар ва муваффақиятга эришиш учун нима қилиш кераклиги ва IT соҳасидаги хавфларни қандай четлаб ўтиш ҳақида қимматли маслаҳатлар беришди.
IT Community раҳбари Шавкат Каримов ўз тақдимотида бўлажак мутахассисларга амалий маслаҳатлар бериб, интерактив ўйинлар ўтказди.










