1 октябрдан хориждаги меҳнат мигрантларининг оилаларига бир марталик ёрдам пули ва бошқа моддий қўллаб-қувватловлар берилиши режа қилиняпти. Бу борадаги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Kun.uz лойиҳа борасида айрим саволларга миграция агентлиги масъули Баҳром Абдувалиевдан жавоб олди.
— Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси томонидан 1 октябрдан меҳнат мигрантларининг оилаларини моддий қўллаб-қувватлаш режа қилиняпти. Аввало, ҳужжатда қандай ёрдам турлари назарда тутилаётгани ҳақида гапирсангиз.
Ўзбекистонда президентимиз топшириғи билан тизим ташкилотларига аниқ ва манзилли вазифалар белгилаб берилган. Шу вазифалар ижроси бўйича сезиларли ишлар амалга ошириляпти. Хавфсиз ва қонуний меҳнат миграцияси бу – тизим сифатида фақат фуқароларни хорижга ишга юбориш масаласи эмас, яъни хорижда бўлиб турган меҳнат мигрантлари билан доимий мулоқот ўрнатиш, хорижда ишлаш нияти бўлган фуқароларга кетишидан олдин тил ва касб ўргатиш, меҳнат мигрантларининг қайтиб келганидан кейин ички бозорга интеграция қилинишини амалга ошириш киради. Яхлит тизимнинг яна бир бўлаги мигрантларнинг ёрдамга муҳтож бўлган оила аъзоларига моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш масаласи бўлади.
Бу вазифани амалга ошириш учун 2024 йил 4 апрелда меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ва хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган президентнинг 59-сонли фармони қабул қилинди. Шу фармонда мигрантларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатишга оид янги инструментларни жорий этиш бўйича аниқ вазифа белгилаб берилганди. Шу вазифа асосида Вазирлар Маҳкамаси қарори ишлаб чиқилиб, муҳокамага қўйилди. Бунда хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг оила аъзоларига моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича 4 турдаги молиявий инструментларни жорий қилиш назарда тутиляпти.

Биринчиси, боқувчиси меҳнат миграциясига кетган фуқароларнинг оилаларига бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш.
Иккинчиси, меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг оилаларида ногиронлиги бўлган фуқаролар бўладиган бўлса, уларга тиббий муолажаларни кўрсатиш, эшитиш мосламалари, ногиронлик аравачаларини сотиб олиш мақсадида бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш.














