Иккинчи жаҳон урушида ғолиблар бўлмаган ва у барча учун фожиа эди. Биргина урушнинг асосий ғолиби дейиладиган СССРда 20 млн одам ҳалок бўлган, ўн минглаб шаҳар ва қишлоқлар бутунлай вайронага айланганди.
Ўлганлар ўрнини урушдан сўнг туғилганлар тўлдирди, шаҳар ва қишлоқлар қайта тикланди. Орадан 10 йил ўтганда, 1950-йиллар ўрталарида одамлар ҳеч нарса бўлмагандай яшашда давом этарди.
Бироқ урушнинг асосий мағлубларидан бири бўлган Япония ҳақида бундай деб бўлмасди. Бу давлат уруш якуни арафасида ҳали инсоният умуман бошидан ўтказмаган фожиага дуч келади.
Америкаликлар Япониянинг иккита шаҳрига атом бомбаси ташлашади. Оқибатда ҳар икки шаҳар бутунлай вайронага айланади ва унда яшаб турганларнинг асосий қисми ҳалок бўлади. Тирик қолганлар эса радиация билан нурланиб, ногиронга айланади.
Энг ёмони – атом бомба ташланган Хиросима ва Нагасакида радиация таъсири сақланиб қолмоқда. Шу сабабли ҳанузгача бу ерда ногирон болалар туғилади.
Хиросимага атом бомба ташланганда тирик қолганлар орасида икки ёшли Садако Сасаки ҳам бўлган. Бу қизча тирик қолгани билан нурланиш касалига чалинган ва ногирон бўлиб қолганди.
Шу сабабли у атом бомбаси ташлангандан сўнг бор-йўғи 10 йил яшайди ва 1955 йилда 12 ёшида вафот этади. Садако вафот этганда бутун дунё мотам тутган эди.
Хиросимага атом бомбасининг ташланиши
1945 йил 6 август куни АҚШнинг B-29 (Enola Gay) бомбардимончи самолёти Япониянинг Хиросима шаҳрига Little Boy (“Кичик бола”) деб аталган атом бомбасини ташлайди. Бу бомбанинг кучи 13–18 килотонна тротил эквивалентига тенг эди.
Бомба ерга етмасдан 500 метр баландликда портлайди. Оқибатда ҳавода кучли овоз ва чақин содир бўлади. Ундан ҳосил бўлган кучли олов ва иссиқ шамол ерга қараб йўналади. Оқибатда бутун Хиросима ўт ичида қолади.
Портлаш эпицентридан 2 километр радиусда бўлган одамларнинг аксарияти ўша заҳоти куйиб кетади. Портлаш тўлқини эпицентрдан 19 километргача бўлган масофадаги ойналарни синдириб юборади. Портлаш пайтида унинг иссиғи етиб бормаган одамлар орадан бироз ўтиб ёнғинлар ва радиация тўлқини туфайли ҳалок бўлади.

Ўша пайтда Хиросимада 340 минг киши яшаган ва бомба портлаши оқибатида уларнинг 166 минг нафари ҳалок бўлган. Бошқа бир манбада атом бомба ташланиши пайтида Хиросимада 245 минг нафар аҳоли мавжудлиги ва улардан қарийб 200 минг нафари ҳалок бўлгани келтирилади.




















